Ўзбекистонда “боқиманда” соҳалар рўйхати эълон қилинди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
16582Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида газ ва иссиқлик таъминотининг арзон тарифларини қоплаш учун давлат бюджетидан 10 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг биринчи ярим йилликдаги бюджет ижроси бўйича ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2023 йилнинг олти ойида давлат бюджети даромадлари 102,3 триллион сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 фоизга кўп) ташкил этган, харажатлари эса 129,1 триллион сўмдан ошган (+25,3 фоиз). Яъни давлат харажатлари даромадларга қараганда ўсиб бормоқда.
Биргина, январь-июнь ойлари давомида ички бозорда газни улгуржи сотиб олиш ва сотишга ихтисослашган UzGasTrade акциядорлик жамиятининг йўқотишларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш учун 8,8 триллион сўм йўналтирилган. Айтиш жоиз, мазкур схема туфайли Ўзбекистон Корея Республикасидан 1 миллиард доллар қарздор ҳисобланади.
Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш харажатлари 492,9 миллиард сўмдан 1,04 триллион сўмгача ошган. Хусусан, иссиқлик таъминоти корхоналарининг аҳолига иссиқлик таъминоти учун арзонлаштирилган тарифлар қўлланилиши оқибатида кўрган зарарларини қоплашга 901,9 миллиард сўм йўналтирилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига (306,8 млрд) нисбатан қарийб уч баробар кўпдир. Аҳамиятлиси, ушбу сумманинг 92 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади, бунда йўқотишлар 3,5 баробарга – 240,1 миллиард сўмдан 823,1 миллиард сўмгача ошган.
“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига Тошкент шаҳрида йўловчиларни имтиёзли тарифлар бўйича ташишда кўрилган зарарни қоплаш учун эса бюджетдан 220,9 миллиард сўм ажратилган. Тошкент метрополитенининг арзон тарифлар туфайли кўрган зарари 96,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, давлат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун 294,6 миллиард сўм ажратилган.