Алвидо, Шерали Жўраев!
Жамият
−
05 Сентябрь 2023
19136Кеча, 4 сентябрь куни кечки пайт Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этгани эълон қилинди.
Ҳофизнинг жанозаси қандай ўтди?
Шерали ҳофиз ўзбек қўшиқчилик санъатида аллақачон феномен шахс бўлиб улгурган эдики, унинг вафоти бутун халқнинг кўзига ёш қалқитган бўлса ажаб эмас. Ҳатто, Жўраевнинг ўлими муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Спикер Нуриддинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамдардлик билдириб чиқди.
Таъзия изҳорини Тошкентнинг Кўкча масжидида бўлиб ўтган марҳумнинг жанозаси пайтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўқиб эшиттирди. Воқеа жойидан мухбиримиз Муҳсин Умрзоқов репортаж тайёрлади.
“Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди.
Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.
Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дея раҳбарларнинг таъзия изҳорини етказди муфтий.
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков эса марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, Шерали Жўраев нафақат Ўзбекистонда, балки минтақадаги энг забардаст санъаткор сифатида эътироф этилганини айтди.
“Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига ҳаётини бахшида этган ҳофизнинг фавқулодда ноёб овози, ижро этган қўшиқлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир юракка кириб борган, қалбларни забт этган. Ҳофизимизнинг ўзбек тили ва адабиётига, санъатига бўлган меҳри, садоқати ҳар бир ижросида зоҳир эди. Афсус, бу зот, устоз-санъаткор бугун орамизда йўқ. Лекин ҳақиқий санъат фидойисининг порлоқ хотираси қалбларда мангу яшайди”, деди у.
Хўш, Шерали Жўраев аслида ким эди? У қандай қилиб бу даражада қадрли ва аҳамиятли шахсга айланди?
Қачон туғилганини ўзи “ҳал қилган” одам
Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрелда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилди.1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Шодлик” ашула ва рақс ансамблининг хонандаси сифатида бошлади. Кўп йиллар Андижон вилояти филармонияси, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси каби ижодий ташкилотларда фаолият кўрсатган.
Хонанда ҳақидаги яна бир қизиқарли маълумот шуки, унинг қайси кунда туғилгани номаълум. Қўшиқчи 12 апрелни рамзий равишда ўз туғилган куни сифатида нишонлайди. Гап шундаки, 12 апрелда рус космонавти Юрий Гагарин фазога учган. Шунингдек, қўшиқчига кўра, унинг бу санани танлашига яна бир сабаб – у ўқувчилик даврида шу куни бўлиб ўтган велопойгада ғолиб бўлган ва айнан шу санада Ҳаж зиёратини адо этган.
Шерали Жўраев ижоди кўп қирралилиги билан ҳам ажралиб туради. У ўз вақтида қўшиқчиликдан ташқари, актёрлик билан ҳам шуғулланган. Хусусан, ўзи ёзган ва 1989 йилда саҳналаштирилган “Шерали ва Ойбарчин” фильмида бош ролни ижро этган. Қолаверса серқирра ижодкор 1998 йилда нашр этилган “Бола – ернинг султони” китобининг ҳам муаллифи ҳисобланади.
Аммо Шерали Жўраев энг таниқли ўзбек қўшиқчиларидан бири бўлишига қарамай, ҳукумат томонидан 2002-2016 йилларда унинг қўшиқларини барча ўзбек телеканалларида намойиш қилиш ман этилган. Сабаби эса номаълум.
Севимли хонанда нега “запретга” тушди?
“Шерали Жўраев 90-йилларнинг ўрталарида “запрет”га тушганди. Агар эътибор берсангиз, у энг сермаҳсул даврида катта концертлар бермади, у учун “Халқлар дўстлиги”, “Туркистон” ёки бошқа санъат саройларининг эшиклари доим ёпиқ эди.
Каримовнинг характери жуда оғир эди. У кимнидир ёмон кўриб қолса, бошқа кечирмасди, кек сақлаб юраверарди. Лекин, эшитишимча, Каримов ҳам Шерали Жўраевнинг қўшиқларини яхши кўрган. Шундай бўлсада, уни тўлиқ кечирмаган ва саҳнага қайтармаган”, дея қўшиқчининг тақиққа учрагани ҳақида гапирган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Шоир Фахриддин Низомовнинг айтишича, ўша йиллари қўшиқчининг овози радиодан янграши учун бир амаллаб рухсат олинган.
“Устоз Мурод Муҳаммад Дўст – Ислом Каримовдан Шер ака тақиқда бўлган пайтлари, ҳеч бўлмаса, ашулалари радиода кетсин деб рухсат олиб беришга жазм қила олган инсон. Бу бизга байрам бўлган ва Республика радиосида ҳофизнинг қўшиқларини эфирга қўйишдан роса хурсанд бўлган эдик.
Шер аканинг қўшиқларини эфирга қўйиб туришни Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари ҳам Жиззах вилояти ҳокими бўлиб юрган кезлари илтимос қилган.
Шер ака ўзбек қўшиқчилик санъатининг бутун бошли даврини ўзи билан бирга олиб кетди. Энди бу давр қайтмайди. Фақат ўша даврдан қолган ашулалар бизга таскин беради. Улар биз билан қолади ва уларни тинглаб, ўзимизга таскин берамиз”, деган шоир.
Ўзбекларга ўзбеклигини эслатган ҳофиз
Фахриддин Низомовнинг айтишича, Шерали Жўраев бутун бошли Ўзбекистон ҳукумати қила олмаган ишни уддалаган шахс. У ўзбекларга ўзбеклигини эслатган, уларга миллатпарварлик туйғуларини сингдирган тенгсиз ҳофиздир.
“Бугун – миллат йиғлайдиган мотам куни. Ҳеч ким ўзбекка ўзлигини Шер акачалик танита олган эмас. Миллий ғоя деган аҳмоқона дастурга миллиардлаб доллар пул сарфланган, лекин натижаси бўлмаган. Ҳозир ҳам ўзбекларнинг ярмидан кўпи — Путинпараст, аммо Шер ака биттагина “Ўзбегим” ашуласи билан одамларнинг ўзбек эканини ўзига тушунтириб берган ҳофиз эди.
Хуллас, Шер ака, бутун бошли миллатнинг бошини қовуштириб турган инсон эди. Ҳукумат қила олмаган ишни бир ўзи бажариб қўйган эди”, деган у.
Жўраевнинг “Ўзбегим” қўшиғи 2005 йилда World Music Network томонидан чиқарилган Rough Guide to the Music of Central Asia альбомидан ўрин олган. Қиролича Елизавета II таваллудининг 78 йиллиги шарафига Буюк Британия элчиси Крейг Мюррей 2004 йил 23 апрель куни Тошкентдаги қароргоҳида мингдан ортиқ меҳмонларни кутиб олганида байрам тантаналарида Жўраев, Севара Назархон ва Владимир Неймер бошчилигидаги камера оркестри иштирок этганди. Шу билан бирга, Буюк Британия элчихонаси Шотландиянинг Battlefield Band гуруҳининг Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарини уюштирганда гуруҳ Жўраев билан чиқиш қилган.
Кейинчалик у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди. Қолаверса у Тожикистонда хизмат кўрсатган артист ҳам ҳисобланади.
Ҳали бу ҳаммаси эмас, Шерали Жўраевнинг қўшиғи космосдан ҳам янграганига нима дейсиз?
2004 йил Солижон Шарипов марказий осиёлик биринчи космонавт сифатида NASA астронавти Лерой Чиао билан Байқўнғир космодромидан “Союз ТМА-5" космик кемасида фазога кўтарилади. У ўзининг 201 кунлик фазовий миссиясида эшитиш учун Шерали Жўраев қўшиқларини ҳам ўзи билан олиб олганди. 2004 йил у махсус боғланиш қурилмаси ёрдамида Шерали Жўраевга қўнғироқ қилади ва унинг “Олтин қанот” қўшиғи космосда янграётганини айтади. Кейинчалик космонавтнинг таъкидлашича, у миссияси давомида кўплаб Шерали Жўраевнинг қўшиқларини эшитган. Натижада Шерали Жўраев биринчи космосда қўшиқлари янграган ўзбек санъаткорига айланган.
“Сизнинг 1000 дан ошиқ қўшиқларингиз миссия давомида бутун коинотда айланди. Буни мен сўз билан таърифлаб беролмайман. Юзлаб санъаткорлар ичида фақат сизнинг қўшиғингиз планеталар узра жаранглаганди”, деган Солижон Шарипов 2016 йилги Шерали Жўраевнинг ижодий кечасида.
Шерали Жўраевнинг қўшиқлари нега маъноли?
Бир қарашда замонавий ва миллий мусиқа бир-бирига қарама-қаршидек туйилади. Сокин ва хотиржам куйланадиган миллий мусиқа мухлислари дастлаб, бироз шовқинли ва нотаниш бўлган, кўпроқ мусиқа асбоблари ишлатиладиган замонавий мусиқани хушлашмаган. Шерали Жўраев эса ушбу икки бир-бирига тескари “қутб”ни бирлаштира олган биринчи санъаткор эди.
Дарҳақиқат, унинг мухлисларини замонавий ва миллий мусиқа ихлосмандлари ташкил қилади. Бундан ташқари унинг қўшиқлари икки хил мусиқа ихлосмандларини бирлаштиргани билан бирга чуқур маънога эга. Унинг ижодида ўзбек халқининг ўзига хос этнопсихологик характери тасвирини ҳам кўриш мумкин. “Дўст бўлсанг, ёнимда тур” қўшиғи ўзбек халқининг дўстликдаги садоқати ҳақида бўлса, Тўра Сулаймон сўзи билан ёзилган “Кетма баҳор” қўшиғи ўзбекларинг СССР репрессиялари пайтидаги кайфияти акси ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, Шерали Жўраев қўшиқларида ўзига хос фалсафий маъно бор.
Жўраев табиатан ширали овозга эга бўлган. Ижро услуби монологик, драматик изтиробларга асосланган. Унинг ижросидаги қўшиқлар халқчиллиги, мушоҳадали, фалсафий мазмунга бойлиги, беназир жозибаси ва теран инсоний дардлилиги билан ажралиб туради. Жўраев репертуари кўп қиррали ва ранг-баранг бўлиб, қўшиқлари асосини Шарқ мумтоз (Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Саъдий Шерозий, Ҳофиз, Машраб, Огаҳий, Жалолиддин Румий, Жомий ва бошқалар) ва замонавий (Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқалар) шоирларнинг шеърлари ташкил этади. 2008 йил Жўраев уйида Румийхонлик кечаларини уюштирган.
Мана унинг қўшиқлари нима учун бунчалик маъноли, бу даражада дардли. Чунки у адабиётнинг, асл шеъриятнинг қадрига етадиган, китоб варақлаб ўзига қўшиқ топадиган кам сонли санъаткорлардан бири эди.
Концертларида қўшиқларнинг ярмини Шерали ҳофиз айтса, ярмини томошабинлар ёддан айтган.
Унинг ўлими муносабати билан кўплаб санъат вакиллари, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар қисқа қилиб айтганда қўшиқчининг кўплаб мухлислари таъзия билдирди, у яхши гаплар билан эсланди. Биз уларни барчасини сизга етказишни лозим топмадик. Зеро, ҳар бир ўзбекнинг ўз Шералиси, Шерали Жўраев ҳақида бетакрор фикри бор, бизнингча.
QALAMPIR.UZ таҳририяти Шерали Жўраевнинг ўлими муносабати билан марҳумнинг яқинлари, оила аъзолари, барча мухлислари ва бутун Ўзбекистон халқига ҳамдардлик билдиради.
Аваз Мўйдинов