“Ўзингдан чиққан балога...” Габонда ағдарилган президентнинг амакиваччаси ҳокимиятга келди
Олам
−
31 Август 2023
7920Габонда давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийлар ўтиш даврида генерал Брис Олигуи Нгуема мамлакат раҳбари бўлишини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 30 август куни кечқурун миллий телеканалнинг жонли эфирида хабар берилди.
Маълумотларга кўра, Нгуема Габон Республика гвардияси бош қўмондони, шунингдек, мамлакатнинг ағдарилган Президенти Али Бонго Ондимбанинг амакиваччаси ҳисобланади.
Орадан кўп ўтмай, Африка Иттифоқи Габондаги ҳарбий тўнтаришни кескин қоралади. Африка Иттифоқи комиссияси раиси Моусса Факи Моҳаммед томонидан берилган ёзма баёнотда Габондаги ҳарбий тўнтаришнинг Африка Иттифоқи тамойилларига зид экани таъкидланди.
“Африка Иттифоқи комиссияси раиси Габондаги вазиятни катта ташвиш билан кузатмоқда ва ҳарбий тўнтаришни мамлакатдаги сайловдан кейинги инқирозга ечим сифатида кескин қоралайди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Африка Иттифоқи Габон армияси ва хавфсизлик кучларини ўз вазифаларини бажаришга, Президент, унинг оиласи ва ҳукумат аъзолари хавфсизлигини таъминлашга чақирган. Баёнотда мамлакат аҳолисининг барча қатламларини тинч йўл билан демократик тузумга қайтариш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 август куни Габондаги ҳарбий гуруҳ жамоат телевидениеси орқали 14 йилдан бери ҳокимиятда бўлган ва 26 август куни учинчи муддатга қайта сайланган Президент Али Бонгонинг истеъфога чиқарилишини эълон қилганди. Кейинчалик Али Бонго уй қамоғига, ўғли эса ҳибсга олинди. Айни пайтда давлат тўнтариши ташкилотчилари сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб эълон қилган, барча ҳокимият институтларини тарқатиб юборган ва мамлакат чегараларини ёпиб қўйган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь