Лифтда қамалиб ўлган аёл воқеасида масъуллар жавобгарликни ўзидан соқит қилмоқда

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 4 кун давомида лифтда қамалиб қолиб, вафот этган 32 ёшли аёлнинг ўлими  юзасидан Бош прокуратура қўшимча баёнот берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг лифти 4 кун давомида ишламаётганлиги сабабли, аёлнинг мурдаси лифт ичида қолиб кетган. Жорий йилнинг 26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари аёлни топиб бериш юзасидан Ички ишлар идорасига мурожаат қилган.

Шундан сўнг, 27 июль куни юқорида кўрсатилган манзилдаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар томонидан аёлнинг жасади лифт ичидан топилган.

“Шу орада, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, эътибор беринг, “28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларни ишчи ҳолатдалиги аниқланди” деб расмий муносабат билдирган. 

Ваҳоланки, лифт 24-28 июль кунлари ишламаётганлигини воқеа гувоҳлари, уй яшовчилари ўз тушунтиришларида, шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларнинг видеорепортажларида тўлиқ ўз тасдиғини топган”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратуранинг дастлабки баёнотида жамоатчиликда ушбу воқеа бўйича билдирилаётган тахминлар терговга қадар текширув давомида тўлиқ текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши маълум қилинган эди. 

Гап шундаки, кўп қаватли уйда яшовчилар ушбу лифт электр узулишлари туфайли бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам носозлик ҳолатлари кўп такрорлангани ҳақида маълум қилган. Шунингдек, шифокорларнинг дастлабки тиббий маълумотномасида марҳуманинг ўлимига юракнинг ишемик касаллиги, ўткир юрак, қонтомир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

электр Тошкент Бош прокуратура лифт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг