ЖЧ-2034 Ўзбекистонда ўтказиладими? Эрматов муносабат билдирди
Спорт
−
22 Июль 2023
28598Кеча, 21 июль куни бир қатор маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Қозоғистон футбол бўйича миллий терма жамоалар ўртасидаги 2034 йилги Жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун қўшма ариза топширишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов билан боғланди.
Эрматовнинг айтишича, Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида Марказий Осиё футбол ассоциациялари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда ҳақиқатдан ҳам мундиални қабул қилиш учун ариза топшириш таклифи берилган.
“Ҳамкасбларимиздан бири 2034 йилда Жаҳон Чемпионатини биргаликда ўтказиш таклифини берди. Бу, албатта, барчамиз учун орзу, лекин бунга қадамма-қадам эришишимиз керак”, дейди ЎФА вице-президенти.
Эрматовнинг таъкидлашича, Иссиқкўлда ўтказилган учрашув расмий мақомда бўлмаган. Унда Марказий Осиёда сўнгги йилларда турли ёш тоифаларидаги терма жамоалар ўртасида ташкил этилган мусобақалар ва уларнинг қанчалик фойдали бўлгани муҳокама қилинган.
“Авваламбор Иссиқкўлда ўтган учрашувни саммит демаган бўлардим. Буни шунчаки дўстона руҳда, галстукларсиз ўтказилган учрашув, десак тўғрироқ бўлади. Чунки бу ҳақиқатдан ҳам норасмий учрашув эди. Учрашувда биргаликда Марказий Осиё миқёсида ўтказилган ёшлар ва ўсмирлар бўйича мусобақаларни, улар қанчалик фойдали бўлгани, ташкил этилаётган мусобақалар терма жамоалар футболчилари учун халқаро тажрибаларини ошириш вазифасини ўтаётганини муҳокама қилдик”, дейди Равшан Эрматов.
Вице-президент Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг келажакдаги режалари ҳақида гапирар экан, яқин истиқболда ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари, катталар ўртасида Осиё кубогини қабул қилиш мақсадлари борлиги, бироқ бунга эришиш осон бўлмаслигини билдирди.
“Бундай орзуларни амалга ошириш учун катта йўлни босиб ўтишимиз керак. Лекин биз ўзимиз танлаган йўлдан ортга қайтмаймиз”, дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, бундан аввал Қозоғистон Спорт вазирлиги ҳам ОАВда тарқалган мазкур хабарга муносабат билдирган эди. Унда мамлакат мундиални қабул қилиш бўйича режалари йўқлиги, шу боис мусобақа мезбонлиги учун ариза топширмоқчи ҳам эмаслигини маълум қилганди.