Кун саволи: Татьяна Каримова кимга нимани исботламоқчи?
Таҳлил
−
11 Июль 2023
16816Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз берганини исботлашга уринмоқда. У бу ҳақда ўзининг Instagram’даги саҳифасига пост қолдирди.
Гап шундаки, у 10 июль куни сайлов участкасида овоз бераётгани тасвирланган суратни бир неча бор ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб, ўчириб юборди. Аввалига Каримова хоним жойлаган айнан шу кўринишдаги сурат ижтимоий тармоқдаги айрим саҳифаларда тарқалди ва бюллетенда қайси номзод белгилангани кўринмагани боис "Татьяна Каримова сайловда ҳеч кимга овоз бермади" номли хабарлар пайдо бўлишига олиб келди.
Сўнгги жойлаган суратида Каримова хоним сайлов бюллетенида Шавкат Мирзиёев номзодини белгилаганини кўрсатишга уринган ва қуйидагича изоҳ қолдирган.
“Қадрли дўстлар, афсуски, интернетда бугун қўйган суратим билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди ва аниқлик киритишни лозим деб биламан.
Ижтимоий тармоққа жойлашда сурат сифати ёмонлашиши ва суратдаги айрим деталлар аниқ кўринмаслигини ҳамма яхши билади. Мана, бугун эълон қилинган асл фотосурат, бу менинг танловимни аниқ кўрсатиб турибди”.
Татьяна Каримованинг Мирзиёев номзодини қўллагани ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали буни исботлашга уринаётгани ҳақидаги маълумотлар QALAMPIR.UZ’да эълон қилингач, таҳририятга Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуасидан қўнғироқ бўлди. Айтилишича, Каримова хоним ўзи жойлаштирган пост матнини ўзгартирган ва таҳрирланган матнда шундай дейилган.
“Қадрли дўстларим, афсуски, интернетда мен илгари эълон қилган сурат билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди – гўёки менинг сайлов бюллетенимда биронта ҳам номзод белгиланмаган. Шунинг учун мен аниқлик киритишни зарур деб биламан.
Мана, эълон қилинган фотосуратнинг катталаштирилган асл нусхаси, бу менинг танловимни аниқ кўрсатади.
Келинг, бир-биримизга меҳрибонроқ ва эҳтиёткор бўлайлик”.
Албатта, сайловда кимга овоз бериш ҳар бир кимнинг шахсий иши ва у дахлсиз. Бироқ Татьяна Акбаровна буни исботлашга урингач, таҳририятимиз ходимлари унинг вакиллари билан мулоқот қилди ва Татьяна Каримованинг сайлов участкасида туширилган суратининг асл нусхасини олишга муваффақ бўлди. Мутахассисларимиз суратнинг асл нусхасида ҳеч қандай монтаж аломатларини пайқамади.
Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги низомида Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдириши, сайлов бюллетенини тўлдирилган ҳолатда ёки уни тўлдириш жараёнини суратга ёхуд видеога олиш, олинган тасвирларни тарқатиш, шу жумладан ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тақиқланади деб ёзилади.
Татьяна Каримова сайловда кимга овозини берганини нима учун бу даражада исботлашга уринаётгани бизга қоронғу. Аммо бу унинг очилганига кўп бўлмаган Instagram саҳифасидаги постлари ўзгариши ёки ўчириб юборилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
75 ёшни қаршилаш арафасидаги собиқ биринчи хоним жорий йилнинг 17 июнь куни набираси Имонни 25 ёшни қаршилагани муносабати билан табриклаш асносида, қамоқда қолаёттган қизи Гулнора Каримовани кўришга рухсат берилмаётганидан нолиган эди.
“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман.
Лекин афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас. 21-жазони ижро этиш колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади…”
Унинг ушбу пости нафақат мамлакат ичида, балки ташқарисида ҳам катта шов-шувларни келтириб чиқаргач, ушбу пост ўчириб юборилган эди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий йилнинг августида 75 ёшни қаршилайдиган Татьяна Каримова турмуш ўртоғи Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Тошкентда ёлғиз истиқомат қилиб келмоқда. Унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бир қатор жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Гулноранинг ўғли Ислом бобоси вафотидан буён Лондондан келгани йўқ. Қизи Имон эса вақти-вақти билан Тошкентга келиб туради.
Оиланинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи билан АҚШга кўчиб ўтган. Унинг қизи Марям кўпинча вақтини Тошкентда ўтказади.
LiveБарчаси