Педофилларга энг оғир жазони қўллаган бўлардим – Президент маслаҳатчиси

Жамият

Бугун ҳуқуқ-тартибот идоралари берган маълумотларни ўқир экансиз, аёлларга нисбатан зўравонлик, вояга етмаганларни зўрлаш, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганига гувоҳ бўласиз. Сизу бизгача етиб келаётган ва хабаримиз бўлаётганларининг ўзидан даҳшатга тушяпмиз. Афсуски, бу мавзуларни, муаммоларни доим ҳам муҳокама қилиш, овоз чиқариб гапиришга ўрганмаган халқмиз. 

Педофилияга оид катта ва кичик воқеаларга кунда бўлмаса ҳам кунора дуч келяпмиз. Бироқ уларнинг орасида Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қиз ва Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг амалдорлар томонидан зўрланиши билан боғлиқ ҳолатлар одамларни сергак торттирди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда айнан педофиллар масаласига тўхталар экан, бу жиноятни содир этганларга энг оғир жазо бериш кераклигини таъкидлади.

“Педофилия бу – фожиа. Буни бартараф қилиш керак. Менда шахсий фикр билдиришга ваколат йўқ. Лекин педофилларга энг оғир жазони қўллаган бўлар эдим. Бу каби одамлар билан мулоқот ҳам қилиш керак эмас. Мурғак боланинг ҳаётини барбод қилиш бу – даҳшат. Эртага у ким бўлади? Бундай [педофилия қурбони бўлган] болалар руҳий томондан майиб, мажруҳ бўлади. Бунга ким жавоб беради? Нафс йўлига кирмасдан шу масалаларни ўйлаш керак. Биринчи навбатда нафсни тарбиялаш керак. 

Бизда тариқат йўналишлари, таълимотлари – Нақшбандия, Яссавия, Кубровия ёки бошқа йўналишларимизда дарғаларимиз бўла туриб, нафс тарбиясини бутун дунёга кўрсата туриб, нима учун ўзимизни тарбия қилмаймиз. Педофил амалдор бўладими, пулдор бўладими, оддий нафсибаъд бўладими, ким бўлган тақдирда ҳам [қилаётган ишини] ўйлаши, тафаккур қилиши керак. Қонунларимиз кучли, лекин уларнинг ижросини таъминлаш ҳаммамизнинг вазифамиз”, дейди Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги 7 ой ичида Ўзбекистонда вояга етмаган қизларнинг зўрланиши бўйича бир неча воқеалар юз берди. Масалан, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қиз уйида ишчи бўлиб ишлаган эркак томонидан аввал зўрланиб, кейин ўлдирилди. Бундан ташқари, Чилонзор туманида боғча болалари мудиранинг ўғли томонидан шилқимликка учради. Бу каби ҳолатлар ҳақида QALAMPIR.UZ'нинг қуйидаги мақоласида ўқишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

зўравонлик Педофиллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made