Халқ ўз “қаҳрамон”ларини танисин. Қишни барбод қилганлар
Жамият
−
16 Декабрь 2022
1759815 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда Президент декабрь аввалида кузатилган аномал совуқда кимлар айбдор эканини, халқ кимларни яхши таниб олиши кераклигини очиқ-ошкора, номма-ном айтди.
Шунингдек давлат раҳбари сўзида давом этиб, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмонов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Улуғбек Мустафоев, “Ўзтрансгаз” АЖ раиси Бекзод Норматов, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раиси Баҳодир Эшмуродовга ҳайфсан берди. Давлат раҳбари уларнинг эгаллаб турган лавозимига қанчалик лойиқлиги бўйича ҳам ўйлаб кўришини айтди.
“Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди”, дейди Президент.
Раматов ва бошқа номи тилга олинган раҳбарларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берилди.
Йиғилишда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ ва шерик бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилди.
“Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдурахманов, Д.Исакулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди.
Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди.
Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади”, дейди Президент.
Декабрь ойи бошидан қарийб 3 мингта, сўнгги икки кунда эса 1,5 мингта бундай ҳолат аниқланди. Улар айниқса, Фарғона (617 та), Андижон (325 та), Самарқанд (252 та), Наманган (220 та), Сирдарё (218 та), Тошкент шаҳрида (269 та) кўп.
Мисол учун, электрдан 8 миллион киловатт ўғирланган, бу – куз-қиш мавсумида 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг.
Шу билан бирга, 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланган.
Ўтган ҳафта Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилган.
Президент бу борада Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга алоҳида топшириқ берди.
Йиғилишда ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамма кучини сафарбар қилиб, шароит оғир маҳаллаларда одамларни рози қилиш билан шуғулланиши кераклиги таъкидланди.
Умуман, энергия ресурслари таъминотидаги бугунги вазият тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари учун катта сабоқ бўлиши лозимлиги, энергетика таъминоти “қўл бошқаруви” орқали эмас, тизим асосида ишлаши кераклиги урғуланди.
Икки ой муддатда энергия таъминоти тизимини ўзгартириш, янги талабларга мослаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.
Аи-80 маркали бензин нархини тушириш учун 1 мартгача жорий этилган акциз солиғидан озод қилиш имтиёзи жойларда “ўйинга айланиб кетмаслиги” кераклиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
Президент ўтгазган йиғилишда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида яна 6 масъул раҳбарга ҳайфсан берилиши Президент муаммони чуқур ўргангани ва вазиятга холис ёндашаётганидан далолат. Ҳар ҳолда кечаги йиғилиш мамлакатдаги энергетика инқирозига ва энергия ресурсларининг ўғирлаб ишлатилишига фақатгина “Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилояти филиали директори сабабчи эмаслигини тасдиқлагандек. Айтганларимнинг мазмунини унчалик тушунмай қолган бўлишингиз мумкин.
Гап шундаки, ўтган ҳафта охири, 11 декабрь куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида ўтган йиғилишда “Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилояти филиали директори қамоққа олингани айтиб ўтилди.
Йиғилишда Бош прокурорнинг маълум қилишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Тошкент вилояти бўйича таркибий бўлинмаси бўлган “Ҳудудгаз Тошкент” филиали директорига нисбатан жиноят иши очилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Буни эса мамлакатнинг расмий ахборот агентлиги ЎзА ва бошқа оммавий ахборот воситалари айбсизлик презумпциясини менсимай, қўлга олинган шахснинг сурати ва исм-фамилияси билан эълон қилди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига зид. Ушбу моддага асосан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига асосан, Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
LiveБарчаси