Ортиқхўжаевнинг “чангалидаги” Жамоатчилик кенгаши халқнинг корига ярайдими?

Таҳлил

24 август куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимлик қошида “Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлидаги “Давлат идоралари қошида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат органларида самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш, аҳолига сифатли давлат хизматларини кўрсатиш, фуқароларни ўз вақтида ҳаққоний ахборот билан таъминлаш, жамоатчилик билан тизимли ишлаш, раҳбарларнинг роли ва масъулиятини ошириш, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида кенгаш тузилгани кўрсатилган.

Пойтахт ҳокими Ортиқхўжаев 24 август куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 69-сессиясида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши ва унинг фаолияти ҳақида маълум қилди. Кенгашга раислик қилиш учун Ортиқхўжаев қўл остида бир муддат Матбуот хизмати раҳбари, ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаган Фурқат Маҳмудхўжаев номзодини таклиф қилди.

Фурқат Маҳмудхўжаев ва унинг фаолиятига кейинроқ тўхталамиз ҳозир бироз ортга қайтсак.

2018 йилда ҳам шаҳар ҳокими ташаббуси билан Жамоатчилик кенгаши тузилган. Унга раис этиб тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов тайинланган. Орадан бир йил ўтгач, у раис сифатидаги фаолиятини якунлаб, жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида қолиши, ушбу давр унинг ҳаётидаги муҳим жабҳа ҳисобланиб, вазифаларини имкониятлари даражасида ҳалол ва сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилганини эълон қилган.

“Кенгашимиз фаолиятига бефарқ бўлмаган, фикр-мулоҳазаларини билдирган, фаол иштирок этган, холисона танқид қилган ёки ишимиздан қониқмаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман, буларнинг ҳаммаси шундай ёки аксинча бўлган ҳолатда ҳам ўз устимизда ишлашга ҳамда таслим бўлмасликка ёрдам берди. Фикримча, ЖК раҳбари бошчилигидаги янги ташкилотга янги куч оқими, янги фикрлар жуда зарур”, деган Ҳикмат Абдураҳмонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида 2019 йил 28 июль куни ёзиб қолдирган постида.

Маълумотларга қараганда Ҳикмат Абдураҳмоновдан кейин Жамоатчилик кенгашининг янги таркиби йиғилган. 2019 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Маркетинг уюшмаси бошқарув раиси Диёр Мирзааҳмедов Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси сифатида фаолиятини бошлаган.

Ўзбекистон Маркетинг уюшмаси бошқарув раиси (собиқ Жамоатчилик кенгаши раиси) Диёр Мирзааҳмедов:

— Жамоатчилик кенгаши тузилганида депутатлар билан яхши муносабат шаклланмаган эди. Шу сабабли ҳам Жамоатчилик кенгашига кўпроқ ишонилган ва ҳокимиятнинг кенгашга нисбатан муносабати жуда ҳам илиқ бўлган. Депутатлар сайлови ўтгандан кейин, улар билан муносабат ҳам яхшиланди. Ана ундан сўнг Жамоатчилик кенгашига қизиқиш камайди. Жамоатчилик фикри эса депутатлардан эшитила бошланди. Фикримча, депутатлар ҳам кенгашни ўзларига рақобатчидек қабул қилишган. Депутатлар ўзларини жамоат вакили сифатида қабул қилишади ва шу сабабли улар билан фикримиз бир жойдан чиқмади. 

Бир нарсани айтиш керак, биз ишлаган давримизнинг бир қисми пандемияга тўғри келган. Бу эса ҳокимлик эътиборини пандемияга қаратиб қўйди. Эътиборсизлик ортидан Жамоатчилик кенгашининг фаолияти сусайиб қолди. Кенгаш аъзолари ҳар қанча фаол бўлмасин, ҳукумат томонидан эътибор бўлмас экан, Кенгаш аъзолари ўзини кераксиздек билади ва ишлаш иштиёқи пасаяди.

Ҳозирги раҳбарлар блогерлар эътиборини қозонишга ҳаракат қилишади. Чунки уларнинг фикри кенг жамоатчилик марказида. Кўп раҳбарлар ижтимоий тармоқларда ўзи ҳақида позитив фикрлар яратиш мақсадида блогерлар фикрига қизиқади. Улар Жамоатчилик кенгашини содиқ блогерлар билан адаштиришади. Жамоатчилик кенгаши – бу блогерлар кенгаши эмас.

Тошкент шаҳар ҳокимининг Жамоатчилик кенгашини тузиш ҳақидаги таклифига қарасак, биринчилардан бўлиб блогерлар номини санади. Жамоатчилик кенгашини блогерлар кенгаши сифатида кўряпти. Тўғри, уларнинг орасига расмий ўлароқ депутатлар ҳам қўшилди. Лекин, кечирасиз, депутатларни ўз ўрни, етарли даражада ваколати, бажариши керак бўлган ишлари бор.

Кенгаш фақат депутат ёки блогерлар фикри билан эмас, балки жуда машҳур бўлмаган, оддий жамоат фикрини кўра оладиган одамлардан ташкил топиши керак. Менимча, ҳокимиятни танқид қилган блогерлар Жамоатчилик кенгашига қўшилмайди.

Энг қизиғи, мен фаолият олиб борган вақтдаги айрим муаммолар ҳозир ҳам актуал. "Снос" Президент имзолаган ҳужжат билан тўхтатилгандир, лекин дарахткушлик масаласига ҳали ҳам ечим топилмади.

2019 йилда кенгаш аъзоси бўлган журналист Эльмира Тухватуллина кенгаш фаолияти ҳақида гапириб, муаммолар ҳар қанча гапирилмасин, ечим бўлмаса Жамоатчилик фаолиятининг самарадорлиги 0 га тенг эканини айтди.

Журналист (собиқ Жамоатчилик кенгаши аьзоси) Эльмира Тухватуллина:

— Жамоатчилик кенгашининг ҳамма аъзолари жуда фаол эди. Айниқса, экология масаласидаги кўп муаммоларни ҳокимликка етказишга уринардик. Муаммо кўтарилади, лекин ечим йўқ. Кенгашга шунчаки аъзолик билан иш битмайди. Ҳамма ўз йўналишида жамоатчилик фикрини ўрганиши ва белгиланган ишларни бажариши муҳим. Кенгаш Тошкент шаҳри миқёсидаги муаммолар ҳақида қанча гапирмасин, ечим бўлмаса, ишлашдан наф йўқ.

Ўша вақтда Кенгаш кўтарган муаммони ҳал қилиши керак бўлган ташкилотлар бизни эшитмаган. Ҳокимият бизга жой ажратиб берган, холос. Аслида муаммони ҳал қилиш фақат Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қўлида эмас, балки, бутун бошли тизимда, ҳамма ўз ишини вақтида бажариши кераклигида. Жамоатчилик кенгашининг кучи – ҳокимият уни иттифоқчи сифатида қабул қилишида, муаммо айтилдими уни қабул қилиш ва ҳал этилишида. Жамоатчилик кенгашини тузиб, у кўтарган муаммоларни ижро органлари эшитмаса, қабул қилмаса, бу кенгашнинг фаолият юритишидан наф бўлмайди.

Диёр Мирзааҳмедов ҳам Жамоатчилик кенгашида бир йил фаолият олиб борди. Ундан сўнг кенгаш раиси вазифасини бажарувчи этиб Муниципал иқтисодиёти ва инжиниринг Маркази мулкдори ва директори Баҳодир Ходжаев тайинланган. Уларнинг фаолияти ва кенгаш иши қачон тугатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Фурқат Маҳмудхўжаевга кўра, кенгаш шаҳар ҳокими қарори билан тузилади ва бузилади. 

2018 йилда тузилган Жамоатчилик кенгашининг фойдаси тегдими тегмадими билмадик, бунга ўзингиз баҳо берасиз. Кенгаш аъзоларининг фикрига қараганда, улар муаммони айтишган. Ижро масаласи эса доимгидек сўроқ остида қолиб кетган. 

Тошкент шаҳрини янада ривожлантириш, шаҳар экологиясини яхшилаш, боғлар ҳамда яшил майдонлар ташкил этиш, шаҳар инфраструктурасини такомиллаштириш, спортни оммалаштириш, маданий тадбирларни ўтказиш каби умумий режалар 2018 йилда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Тан олиш керак, бизникилар маданий тадбирларни ўтказишни маромига етказишади. 

Шаҳардаги дарахтлар кесилишининг оқибатларини қум бўрони кўтарилганда, канализация, сув оқова тизимидаги муаммоларни эса ёмғир кунлаб ёғганда кўряпмиз. Шаҳарда бирор иш қилишдан аввал солиқ тўловчилар билан маслаҳат қилмаслигкларига-ку ўрганиб қолдик. 

Энди шу йилнинг 24 августида қайта тузилган Жамоатчилик кенгаши ва унинг раиси Фурқат Маҳмудхўжаевга қайтсак. У Жамоатчилик кенгаши очиқ, мутлақ очиқ бўлишини урғулаяпти. Ҳа энди ҳокимлик очиқ бўлмаганига яраша, кенгаш очиқ бўлмаса бўлмайдиям-да.

“Бундан аввал 2 та Жамоатчилик кенгаши фаолият олиб борган. Шундан келиб чиқсак, ишлашда ҳам ижобий, ҳам салбий тажрибага эгамиз. Янгилик қилиш учун ҳам ҳар босқичдан ўтилади. Янги тузилган Жамоатчилик кенгаши очиқ, мутлақо очиқ. Кенгаш ҳозирча 19 нафардан иборат. Кимдир қўшилиш истагини билдирса, уларга ҳам ҳеч қандай чеклов йўқ. Фикрлар қанчалик ҳилма-хил бўлса, шунча яхши.
 
Мақсадимиз қилинган ишларга ура-ура қилиб, қарсак чалиш эмас. Тузилаётган янги таркиб, жамоатчилик фаоллари, журналист ва блогерлар ёрдамида бор муаммони кўрсатиб, ижро органи тўғри хулосага келишига ёрдам бериш керак”, дейди Маҳмудхўжаев

ОАВ билан бирга ишлашни режа қилаётган Фурқат Маҳмудхўжаев раислигидаги Жамоатчилик кенгаши ҳақида журналист-блогер ва фаоллар нима дейди?

Юрист ва блогер Баҳодир Аҳмедов:

— “Понятия не имею”. Нега? Чунки ишламайдиган тузилмаларга вақтимни сарфламайман.

Филология фанлари доктори, эко-журналист Наргис Қосимова:

— Аввал ишлаган кенгаш ҳақида маълумотим йўқ. Янги тузилгани ҳақида эшитдим. Керакли самара беради, деб ўйламайман. Тошкент шаҳрида қурилишларнинг кўплиги, аҳоли яшаш жойига яқин ҳудудларда озгинагина ер бўлса ҳам ҳокимликлар тадбиркорларга бериб юбориши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Улар эса қурилиш қилиш учун дарахтларни кесишни бошлашди. Тошкентнинг Қора қамиш даҳасида кўп қаватли уйлар ўртасидаги кичкина майдонга бешта тадбиркор қурилиш қилиш мақсадида келди. Икки йилдан буён курашиб, болалар учун стадион қурдиришга муваффақ бўлдик. Ваҳолонки, у ерда 7 қаватли уй қурилиши керак эди. Биз каби курашадиган аҳоли сони жуда ҳам кам. Жамоатчилик кенгаши фаолиятига муваффақият тилайман. Лекин, улардан катта самара кутмайман. Экология ёки бошқа муаммолар тизимли равишда ёритилганини кўрмадим. Муаммога тизимли ёндашилса, шундагина натижа бўлади.

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов:

— Кўпчилик Жамоатчилик кенгашларининг фаолияти ўзини оқламади. Кенгашнинг асосий функцияси бўлган жамоатчилик назорати ишламади. Аксинча, Жамоатчилик кенгашларини давлат муассасалари ва уни таъсис этувчи органлар ўзининг тарғиботчисига айлантириб олди. Кўпгина идораларда айрим Жамоатчилик кенгашлари ҳокимият ёки бошқа муассасаларнинг тўғридан-тўғри адвокатига айланиб қолди. Ҳатто, камчиликларни ҳам хаспўшлаб кўрсатишга, уларни жамоатчиликдан ҳимоя қилишга ўтиб олди. Бу мутлақо тескари эффект берди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Жамоатчилик кенгашига келадиган бўлсак, ҳокимиятда жамоатчиликни манфаатига тўғри келмайдиган, одамлар тақдирига нишон бўладиган ишлар бўлди. Лекин, Жамоатчилик кенгаши бирор марта ҳокимликдан ҳисоб сўраб, уларнинг фаолиятини танқид қилиб, баёнот эълон қилганини кўрмадик. Кенгашнинг биринчи вазифаси жамоатчилик назоратини ўрнатиш. Жамоатчилик билан давлат ҳокимияти идораси ўртасида кўприк бўлиш. 90 фоиздан ортиқ Жамоатчилик кенгашлари ўзининг бу функциясини бажараётгани йўқ. Бу функциядан кечиш ёки такомиллаштириш керак.

Фурқат Маҳмудхўжаев бошқа ҳоким ўринбосарларидан кўра журналистларга яхши таниш. Чунки у шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимидаги фаолиятидан аввал, Тошкент шаҳар ҳокими Матбуот ҳизмати раҳбари бўлиб ишлаган. Чапдан қарасангиз ҳам, ўнгдан қарасангиз ҳам у ҳокимнинг одами. Маҳмудхўжаев Матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлаганда ҳам, кейин ҳокимнинг ўринбосари лавозимига кўтарилиб, барибир ва бевосита Матбуот хизматини назорат қилганда ҳам журналистлар ва ҳокимлик ўртасида самимий ва очиқ мулоқот майдони яратилгани йўқ. Аксинча, ҳокимлик саволларга кўмилди, жавоб берадиган одам йўқ, танқиддан қочилди, танқид қилган журналистлар ва ОАВлар шунчаки ҳокимликдан узоқлаштирилди. Уларга “нохолис танқид” деган ёрлиқ ёпиштирилди. Лекин бугунгача ҳокимлик ва жаноб Ортиқхўжаевнинг ўзи бирор танқидни холис деганини эшитганимиз йўқ. 

Узоқ бўлмаган тарихда кўрган-кечирганларимиз Ортиқхўжаев ва унинг одами Маҳмудхўжаевга нисбатан кенг ва ҳозирча ўзгармас тасаввурларни шакллантирганки, Маҳмудхўжаев қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар унинг холис бўлишига шубҳа йўқ эмас. Унинг ўзи эса бу ҳақида шундай дейди: 

“Холислик масаласига келсак, ҳокимиятдагилар менга “сиз журналист блогерларнинг одамисиз”, дейишади. ОАВдагилар эса барибир ҳам ҳоким ўринбосари эканимни айтишади. Ҳаёт кўрсатади. Шаҳар яхши бўлса бўлди. Ёш ўтган сари лавозимни эмас, охиратни ўйлаб қолар экансиз. Кейин мени қандай эслашади, деб ўйлаб қоласиз. Биз ҳам ёш бўлмаяпмиз, секин-секин шу нарсаларни ўйлашимиз керак. Одамда алдашга, нотўғри маълумот беришга қўрқув пайдо бўлади”, дейди Жамоатчилик кенгашининг 57 яшар раиси.

Бугунги кунда фуқароларни қийнайдиган муаммолар кўп. Улардан кўпчилигининг ечими эса ҳокимликларда. Фуқаро ўзи истиқомат қиладиган туман ҳокимлигидан айтарли жавоб ололмаса, шаҳар ҳокимлигига бош уради. Ҳокимликдаги “шеп” ёки унинг ўринбосарлари ҳам фуқароларни қабул қилмаган тақдирда, ёзма ариза билан мурожаат қилишга тўғри келади. Аризага жавоб бериш мажбурийлиги эса қонунда ёзиб қўйилган. Лекин, масаланинг бошқа кулгили томони ҳам бор. Кўпинча портал ва шунга ўхшаш давлат ташкилотларига юборилган аризалар ва шикоятлар кўриб чиқиш учун яна ўша устидан арз қилинган ташкилот ёки раҳбарнинг қўлига бориб тушади. Валломатига мурожаат қилсангиз ҳам сўнгги ҳукмни ўқийдиган одам яна ўша. Агар фуқаолар Жамоатчилик кенгашларига мурожаат қилишса, бу каби муаммолар қандай ҳал этилади?

“Ҳар битта муаммони ҳал этиш керак. Бу бўйича тизим яратилган. Жуда яхши йўналиш ҳақида гапирдингиз. Жамоатчилик кенгаши мурожаатлар билан ишлаш тизимидаги оқсоқликни ўрганса жуда яхши. Фуқаролар ариза билан келишади, баъзи вақтларда ўзимиз ҳам афсусланамиз, чунки у ариза кимнидир устидан ёзилган бўлса, ўша одамни қўлига ҳам бориб қолади. Бундан кейин эса одамларда ишонч ҳам қолмайди ва қаерга боришини ҳам билмай қолади. Жамоатчилик кенгашидагилар мурожаатлардаги оқсоқликни ҳокимиятга кўрсатиб берса тўғри бўлади”, дейди Фурқат Маҳмудхўжаев. 

Ҳоким Жахонгир Ортиқхўжаев Жаматчилик кенгашини ташкил этиш ҳақида шундай деган эди: 

— Ўзингизга маълум, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада ошириш – асосий мақсадимиз. Лекин сўнгги вақтларда аҳолимиз манфаати учун қилаётган хайрли ишларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бера олмаётганимиз сабаб, турли эътироз ва баъзи пайтда нохолис танқидларга учраяпмиз. (!)

Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчиман, амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар кўлами қанчалик кенг, катта бўлмасин, жамоатчиликнинг фикри, маслаҳати ва керак бўлса баъзи ўринларда танқидисиз кутилган ижобий натижага эришишнинг иложи йўқ. Шу сабабли биз жамоатчилик билан яқиндан ва очиқ ишлаш, аҳолининг фаол қисмини шаҳримизда олиб борилаётган ислоҳотларга кенгроқ жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ишини сиз депутатларимиз билан бамаслаҳат қайта кўриб чиқишга қарор қилдик.

Энди аниқлаштириб олсак, Жамоатчилик кенгашининг иши ҳокимият қилиб бўлган ишларни оммага етказиб, норози бўлаётганларнинг оғзини ёпишми ёки ҳокимлик режаларини халққа айтиб уларни огоҳлантириш, бўлса тавсияларини тинглаш ва ҳокимбувага етказишми?

Менимча, ҳокимлик қилган ишлари, олиб борган ислоҳотларини халққа етказа олмаганининг асосий сабаби Жамоатчилик кенгаши йўқлигида эмас, балки бир неча йилдан бери ОАВ билан қўрқмасдан ишлайдиган Матбуот котибига ёлчимаслигида. Ҳокимлик қилган ишларини Жамоатчилик кенгаши орқали халққа етказиши шарт эмас, балки ОАВ билан доимий ва очиқ ишлайдиган Матбуот котиби фаолиятини йўлга қўйиши керак. 

Жамоатчилик кенгаши эса халқ фикрини ўрганиш, ҳокимиятни бузилиш, қурилиш, таъмирлаш ёки бошқа режаларини солиқ тўловчиларга етказиб уларни фикрини олиш, одамлар муаммоларини тўғридан-тўғри ҳал қилиш, ҳоким қарори билан қилинаётган ишлар одамларда норозилик туғдирган тақдирда ҳам уни ҳокимга айтиб, одамлар розилигини олишга ҳизмат қилиши керак. 

Жамоатчилик кенгаши одамларни норози қилаётган хусусларда ҳокимни тўғридан-тўғри огоҳлантира оладими ёки раҳбарнинг юзидан ўтолмай, мурожаатларни босди-босди қиладими? Бунга эса Маҳмудхўжаев шундай дейди:

"Шу вақтгача ишлаганимни кўргансизлар. Муаммоли жойларга борганман. Шаҳар ҳокими ёки уни ўринбосарларининг кайфиятига қараб ишлайдиган бўлсак, Жамоатчилик кенгашининг кераги бўлмайди”, дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.

У деймизми, бу деймизми Жамоатчилик кенгашини тузиб бўлишди. Муҳими бу кенгашнинг овози эшитилсин. Фуқаролар дардини гапирадиган, муаммони ҳал қила оладиган, югур-югирлар камайишига ёрдам берадиган, “катта”ларнинг қош қовоғига қарамасдан, халқ томон бўладиган кенгаш бўлишини тилаб қоламиз.  

Бугунги тузилган кенгашда 2018 йилдаги таркиб каби ёниб ишлайдиганлар бўлиши мумкин. Лекин уларни эшитадиган, гапларини инобатга олинадиган раҳбарлар ҳам керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар ҳокими Фурқат Маҳмудхўжаев

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг