Эҳром кийган Мирзиёев, пулларидан айрилган Каримова, сўконғич Боболов – Ҳафта марказида

Таҳлил

Ёзнинг сўнгги ҳафталарини яшаяпмиз. Мамлакатда ҳам, жаҳонда ҳам муҳит қайноқ. Бир томонда урушлар, иккинчи томонда табиий офатлар. Айримлар ўша уруш ва офатлардан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолиш пайида. Ҳафта давомида содир бўлган воқеаларнинг ҳисоботи ва таҳлили билан қуйида танишинг. 

Эҳром кийган Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифи, Умра зиёрати нафақат тугаётган ҳафтанинг, сўнгги 30 йилликнинг энг муҳим воқеаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Давлат раҳбарининг ташрифидан ўзбекистонликлар чиндан қувонди. Эҳром кийган, Каъба ичига кирган, уни тавоф қилган Мирзиёевнинг сурати ижтимоий тармоқларда трендга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йилдан буён Саудия Арабистонига илк ташрифи эди бу. Бундан аввал Биринчи Президент Ислом Каримов ҳам Саудия Арабистонига бориб, муқаддас зиёратларда бўлган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Умра зиёратида Мусулмонлар идораси раиси – муфтий Нуриддинжон Холиқназаров, Президент Администрацияси раҳбари Сарор Умурзоқов, Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид, Президентнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамроҳлик қилди. 

Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийни ва пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) қабрини зиёрат қилди. Жиддада Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокара ўтказди. Томонлар ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди. Энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди. Турли соҳалар бўйича имзоланган келишув ва шартномалар қиймати 14 миллиард долларга тенг. 

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни мамлакатнинг юксак мукофоти – “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлади.

Гулноранинг пуллари қайтарилди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятдан орттирган ва Швецарияда сақланаётган 131 миллион доллари Ўзбекистон Ҳукуматига қайтариладиган бўлди. Томонлар ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.

Пуллар Ўзбекистонга қайтарилгач, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади ва биз ҳам шунга умид қиламиз. Аммо бу пулларнинг қай тартибда сарфланиши ва бунда жамоатчилик назорати йўлга қўйилиши хусусида ҳозирча миқ этилмаяпти. 

Сўконғич Боболов

Тугаётган ҳафтада ижтимоий тармоқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга оид, деб айтилаётган ҳақоратлар ва сўкинишларга тўла аудиоёзувдан ларзага келди. Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори ўртасидаги телефон орқали суҳбат ёзиб олингани айтилмоқда. 

Аудиодан англашилишича, прокурор давлат бюджетини талон-торож қилишда гумонланган ташкилот ходим ёки раҳбарларини сўроқ қилиш учун терговга жалб қилган. Гўшак орқали унга ҳолат  бўйича қайта текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берилган. Прокурор эса буни писанд қилмаган. Ана ундан кейин кўринг томошани. Итараман, тиқиб юбораман, кет, сен мени совунимга кир ювмабсан... Ҳокимбуванинг оғзидан чиққанларни эшитган бўлсангиз керак. Ушбу аудиоёзув бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати оқлов хабарномасини эълон қилди. Айтилишича, ушбу овоз йиғилишда ёзиб олинган. 

“Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.

Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигимизни маълум қиламиз”, дейилади муносабатда. Нима? Нима деяпсизлар? Нега унда ҳоким гапни орасида трубкани бер дейди? Ё Сурхондарёда мажлислар телефонда ўтказиладими? 

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан Бош прокуратура тарқалган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар бўйича ўрганиш бошлаганини эълон қилди. 

Эрдўған Путиннинг гапларини оқизмай, томизмай Зеленскийга етказди

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гетерриш Украина Республикаси Президенти Владимир Зеленскийнинг таклифига биноан уруш авчига чиқаётган Украинанинг Львов шаҳрига келди. 

Учрашув якунлари бўйича томонлар Запорожье атом электр станцияси атрофидаги ҳарбий ҳаракатлардан хавотирини, Чернобиль фожисини такрор бошдан кечиришни истамасликларини билдирди. 

Мулоқотда Украина донини Қора денгиз орқали жаҳон бозорига олиб чиқишда БМТ ва Туркия бошчилигида йўлга қўйилган самарали мулоқотдан урушни дипломатик йўл билан тугатишда ҳам фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган. 

“Мен уруш охир-оқибат музокаралар столида тугашига ишонаман. Аслида, жаноб Зеленский ва Гутерриш бу борада ҳамфикр. Биз музокаралар столига олиб борадиган энг қисқа ва адолатли йўлни аниқлашимиз керак”, деган Эрдўған. 

Гап шундаки, Эрдўған жорий йилнинг 5 август куни Сочига бориб, Президент Владимир Путин билан мулоқот қилганди. Катта эҳтимол билан Эрдўғаннинг Львовга ташрифи Путин билан музокараларнинг мантиқий давоми бўлиши мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, Эрдўған Путиннинг гапларини оғизмай, томизмай Зеленскийга ва Гутерришга етказган. 

Бошқа томондан эса Эрдўғаннинг Путинга яқинлашуви АҚШга ёқмаяпти. Вашингтон Анқарани жазолаш учун пайт пойлаяпти. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Афғонистон масжидида портлаш

40 йилдан ошиқ давом этган урушдан сўнг яна “Толибон” назоратига ўтган Афғонистонда ҳам вазият тинч эмас. Қобулдаги Сиддиқия масжидида шом намози вақтида портлаш юз берди. Оқибатда камида 21 киши қурбон бўлди, 33 киши жароҳатланди. Жароҳатланганлар орасида 5 нафар бола ҳам бор. Портлашда масжид имоми Мулла Амир Муҳаммад Қобулий ҳам ҳалок бўлган. 

Расмий Тошкент ушбу воқеани чуқур қайғу билан қабул қилгани ҳақида баёнот берди. 

“Мазкур террорчилик хуружини қатъий қоралаймиз ҳамда ушбу ваҳшиёна хатти-ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш бўйича барча чоралар кўрилишига умид қиламиз”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

“Ўзбеклар қирғини” бўйича суд бошланди

Ҳар қандай жиноятга вақти соати билан жазо муқаррар. Қўли қонга ботганлар унутилмайди, унуттирилмайди. 

15 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг Первомай туман судида 2010 йил июнидаги тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро бўйича яна бир иш доирасида ёпиқ эшиклар ортидаги суд жараёни бошланди.

Иш доирасида 2010 йилдаги Муваққат ҳукуматнинг тўрт нафар аъзоси – собиқ Президент Алмазбек Атамбоев, ўша пайтдаги Мудофаа вазири Исмоил Исоқов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Кенешбек Дуйшебаев ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов “хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”да айбланяпти.

Бу иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 25 август куни бўлиб ўтади.

Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган. 

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. 

Қирғизистоннинг қочиб кетган Президент Қурманбек Бакиев ва айни вақтда қамоқда сақланаётган Алмазбек Атамбоев ҳақида ҳам хабарларимиз бор. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Туркиянинг Россияга яқинлашуви АҚШга ёқмаяпти

Боя АҚШга Туркиянинг Россияга яқинлашуви ёқмаётгани ҳақида айтгандик. Энди масалани кўриб чиқиш пайти келди. “Politico” газетаси кўра, Оқ уй АҚШ компанияларига Анқара ва Москва “расмий иқтисодий ҳамкорлик”га киришса, Туркия билан бизнесни қисқартиришни тавсия қилиши мумкин.

“Биз Туркия бизнес ва капитал учун глобал тортишиш маркази бўлиши керак деб ўйлаймиз, аммо Россия билан яқин муносабатлар Туркиянинг дунё билан интеграциялашуви учун реал хавфларни келтириб чиқаради”, дейди газета билан суҳбатлашган манба. 

Қайд этилишича, Туркия ва Россия ўртасида янада яқинлашув кузатилса, Анқарага тўловларни долларда амалга ошириш тақиқланиши мумкин.

АҚШнинг жазаваси бежиз эмас. Чунки 5 август куни Эрдўған ва Путин ўртасида Сочида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро савдода миллий валютага ўтиш ва товар айирбошлашни 100 млрд долларга етказиш ҳақида қарор қабул қилинган. Анқара Россия гази учун тўловни қисман рублда амалга оширишга розилигини билдирган.

Автобус портлаб, 6 киши қурбон бўлди

Одамлар нафақат урушлар, пандемия ва гиёсиёсий ўйинлар оқибатида, балки автобусда портлаб ёки йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлмоқда.

18 август куни Сирдарёда автобусга ўрнатилган газ баллони портлади. Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган Isuzu русумли автобус, метан газ тўлдириб чиққан вақтида унга ўрнатилган газ баллонларининг бири ёрилиб, портлаган. Оқибатда 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши жароҳатланган. 

Жиноят кодексининг 262-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилди.

8 киши автомобилда ёниб кетди

15 август куни Қашқадарёнинг Муборак туманида Spark ҳамда Gentra русумли автомобиллар ёниб кетди. 

Gentra “Муборак-Косон” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келиб, қарама-қарши томондан келаётган Spark'нинг олд қисмига урилган. Spark ҳайдовчиси ва автомобилда йўловчи сифатида келаётган бир нафар фуқаро оғир тан жароҳати олиб, вафот этган. Бир нафар йўловчи эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. 

Gentra ҳайдовчиси ва ушбу автомобиль йўловчи сифатида келаётган беш нафар фуқаро оғир тан жароҳати олиб, вафот этган. 

Бу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бакиев ва Атамбоевнинг саройлари шифохонага айлантирилади

Ваъдага биноан Атамбоев ва Бакиев ҳақида чала қолган хабарларимизга ўтсак. Қирғизистоннинг собиқ Президентлари Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоевнинг қасрларида кеча-ю кундуз ишлайдиган болалар реабилитация марказлари очилади.

Қирғизистонда 200 мингга яқин ногиронлар истиқомат қилади, улардан 35 минг нафари 18 ёшгача бўлган болалар. Шу боис, собиқ Президентлар Қурманбек Бакиевнинг Жибек Жолу проспектидаги уйи ва Алмазбек Атамбоевнинг давлат мулкига ўтказилган Қўй-Тош қишлоғидаги уйида тун-у кун ишлайдиган болалар реабилитация марказлари очилади.

Хўш, бизда панжара ортидаги амалдорларнинг ноқонуний йўллар билан орттирган маблағлари ва мол-мулклари нималарга сарфланяпти? Ахир ўғирлик ортидан бойиган фақат Гулнора Каримова эмасдир?!

Қашқадарёда эркак ўзини нега ёқиб юборди?

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ходими Санобархон Хайдарова ишдан бўшатилгани важи билан ўзини ёқиб, вафот этгани ҳақидаги хабарни жамоатчилик унутмай туриб, Қашқадарёда бир эркак ўзини ёқиб юборди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода фуқаролар шаҳардаги “Qarshi Leather” МЧЖдан чиқаётган бадбўй ҳиддан норозилигини кўриш мумкин. Улар бунга чора кўрилишини талаб қилган. Ўзини ёқиб юборган 43 ёшли фуқаро танасининг 10-15 фоизи куйган. Бош прокуратура воизи Ҳаёт Шамсутдинов Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

50 минг олган терговчи 13 йилга қамалди

Жорий ҳафта нафақат Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурорини ҳақоратлагани, балки 50 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушган Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси терговчиси 13 йил озодликдан маҳрум қилингани билан ҳам ёдда қолди. 

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида 1983 йилда туғилган, Учтепа туман прокуратурасида терговчи лавозимида ишлаган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. 

Терговчи ўзи кўраётган иш доирасида МЧЖ раҳбаридан 50 минг доллар пора талаб қилган. Олдиндан кимёвий ишлов берилган 50 000 долларни олганда қўлга тушган.

У Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ва прокуратура идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йилга қамалган. 

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Олмазор тумани бўлими ходими тадбиркордан 2000 доллар олганда ушланди.

У тадбиркорга тегишли МЧЖ учун банкдан жами 1 млрд 200 млн сўм кредит ажратилишида ёрдам беришини айтган. Бунинг эвазига у 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Кейинчалик МЧЖга банк томонидан 750 млн сўм кредит пул маблағи ажратилгани боис тадбиркордан 3000 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, ундан 2000 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз боласини ўлдирган онага кулгили жазо 

Ўзбекистонда аксар ҳолларда болалар ҳуқуқлари оилада топталади. Улар калтакланади, хўрланади, оч қўйилади ёки тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Ҳатто, болалар мажбурий меҳнатга ёки тиланчиликка жалб қилинаётган ҳолатлар ҳам талайгина. Мамлакатда болалар ҳуқуқларига оид қатор ҳужжатлар ратификация қилингани ва Болалар омбудсмани институтига асос солинганига қарамай, болалар ҳимояси ўрта йўлда қолмоқда. Буни қуйидаги икки ҳолатда ҳам кўриш мумкин. 

Жиззахда уч ёшли қизалоқ қариндоши томонидан аёвсиз калтакланди. Оқибатда қизча вафот этди. 

2020 йилда Туркия давлатига чиқиб кетган шахс ўз қизини тегишли ҳужжатларсиз Жиззах вилояти Пахтакор тумани "Тошкент" МФЙда яшовчи фуқаро қарамоғига топширган.

У эса 2019 йилда туғилган вояга етмаган қизалоққа қасддан оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда қизча ўзига келмасдан, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан болани қарамоғида олиб қолган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ажримига кўра унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Кейинги ҳолатда эса Бухоро вилояти Ғиждувон туманда 18 ёшли қиз энди туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб, қасддан ўлдирди. 

Аёл январь ойида ўзининг ҳомиладор эканини билиб қолиб, буни оила аъзолари ва қариндошларидан яширган. Май ойида Ғиждувон тумани “Бобоғози” МФЙ Бобоғози қишлоғидаги яшаш хонадонининг ҳожатхонасида ёлғиз ўзи ўғил фарзандни дунёга келтирган. Бироқ, у фарзандини қасддан ҳожатхона остидаги нажас чуқурлигига ташлаб, ўлдирган. 

Суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 июндаги 22-сонли хулосасида, ўғил жинсли чақалоқнинг ўлими юқори нафас йўлларига ёт масса (нажас) тушиши ва нафас йўллари бекилиши оқибатида аспирация натижасида келиб чиққани кўрсатилган.

Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 99-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. У соат 21:00 дан 06:00 га қадар яшаш уйидан чиқмаслиги керак.

Россия терроризм ҳомийлари қаторига қўшилса...

АҚШ Давлат департаменти Конгрессга Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритишининг эҳтимолий салбий оқибатларидан хавотирда экани ҳақида норасмий маълумот берди. 

Таъкидланишича, агар Россия терроризм ҳомийлари қаторига қўшилса, “Россия ўз мажбуриятларини бажаришига кафолат йўқ”, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилиши ва очликка сабаб бўлиши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, Конгресс ташаббуси қўллаб-қувватланса, АҚШ ўз компанияларига Россия билан бизнес алоқаларини тўхтатиб қўйишига тўғри келади. 

Терроризм ҳомийлари рўйхатига Вашингтон назарида “халқаро террорчилик ҳаракатларини қайта-қайта қўллаб-қувватлаган” давлатлар киритилиши мумкин. Америка маъмурияти рўйхатдаги давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш нуқтаи назаридан кенг ваколатларга эга. АҚШ Ғазначилик департаменти ушбу юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, рўйхатдаги мамлакатлар билан савдо қилувчи давлатларга қарши чоралар кўриши мумкин. Рўйхатга ҳозирда Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурия киритилган.

Тўқаев икки оғиз гапни айтиш учун Путиннинг ҳузурига келди

19 август куни анчадан буён Россияга нисбатан қўрс муомаласи билан диққат марказида бўлиб келаётган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Президент Владимир Путин билан учрашиш учун Сочига келди. Тўқаевнинг анча таноби тортилган кўринади. У октябрда Қозоғистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида Путиннинг шахсан иштирок этишига умид боғлаётганини ва Қозоғистон-Россия муносабатларини ривожлантиришга қатъий қарор қилганини айтди.

Иккиовлон яна нималар ҳақида суҳбатлашгани жамоатчиликка очиқланмади. Модомики, Тўқаевнинг Путинга айтар гапи икки оғизгина экан, нега уни телефонда айтиб қўя қолмади? Нега шунча йўл босиб Сочига келди? Билгичларга кўра, Тўқаев ва Путин ёпиқ эшиклар ортида кўпгина сиёсий масалаларни ҳам муҳокама қилган. 

Янгийўллик эркак оғзини тикди ва очлик эълон қилди

Ўзбекистонда одамлар бирор нарсага норозилик сифатида нафақат ўзига ўт қўйяпти, балки оғзини ҳам тикмоқда. Ҳафта охирлаганда ижтимоий тармоқда янгийўллик фуқаро оғзини тикканча, Президентга мурожаат қилгани акс этган видео тарқалди. 

Гап шундаки, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 31 яшар фуқаро имтиёзли кредит олиш сўровига расмийлар ижобий жавоб қайтармагани учун ўз оғзини тикиб, очлик эълон қилган. 

У чорвачилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит ажратилишини сўраган. Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам етти марта шу масалада ариза ёзган.

Шунингдек, у видеомурожаатида ҳоким ёрдамчиси, прокурор ёрдамчиси, Халқобод маҳалла раиси ёрдамчисига ҳам олти ойдан бери мурожаат қилаётганини айтган. Бироқ унинг сўровлари жавобсиз қолган.

Ҳар бир олтин медаль учун 5 минг кўкида

5 – 18 август кунлари Туркиянинг Конья шаҳри бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистонлик  спортчилар 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалига сазовор бўлди. Якунда умумий ҳисобда 158 та медал жамғарган Ўзбекистон делегацияси мусобақа жадвалида иккинчи поғонани банд этди.

Ўйинларнинг сўнги кунида Ўзбекистон ва жаҳон спорт гимнастикаси афсонаси тиниб-тинчимас 47 ёшли Оксана Чусовитина шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига кўра, Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медални ютган ҳар бир спортчига 5 минг доллардан, кумуш медал соҳибларига 3 минг доллардан, бронза медал эгалари 2 минг доллар пул мукофоти берилади. Президент қарорида спортчиларнинг мураббийлари ҳам эсдан чиқарилмаган. Шогирди олтин медални қўлга киритган мураббийлар 2,5 минг доллар олса, мос равиш кумуш ва бронза медаллари учун 1,5 минг ва минг АҚШ долларидан берилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг