Тўра Боболов коррупционер шахсни ҳимоя қилиб, прокурорни сўккани айтилмоқда

Жамият

image

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлагани ҳақида хабар берган эдик. Ҳоким прокурор собиқ амалдорлардан бирини терговга тортгани учун уни куракда турмайдиган сўзлар билан “савалаганди”.

Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ҳимояси учун шахсан ҳоким аралашган собиқ амалдор муқаддам коррупцион жиноятда айбланган Ангор туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори бўлиб ишлаган Азиз Йўлдошевдир. Жорий йилнинг 11 май куни Азиз Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши судда кўриб чиқилган. QALAMPIR.UZ'да суд ҳукми мавжуд.

Суд материалларига кўра, Азиз Йўлдошев ўзига ишониб топширилган маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. У “Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ рахбари А.Байиров, ҳамда “Angor Issiqxona Qurish” МЧЖ рахбари А.Сатторов билан тил бириктирган.

Айбдор 31 нафар фуқаронинг субсидия ажратиш тўғрисидаги шартнома  ва аризаларидаги имзоларни сохталаштирган. У фуқаролар номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ўзи тил бириктирган МЧЖлар раҳбарлари билан уч томонлама шартнома тузган.

Мансабдор бажарилмаган ишларни хаспўшлаш учун ҳужжатларни қалбакилаштириб, сохта маълумотлар киритади. Шу йўл билан у 210 млн 388 минг 572 сўм маблағларни МЧЖларга субсидия шаклида ноқонуний ўтказиб берган.

Шунингдек, “Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ раҳбари Байиров қўшиб ёзиш орқали 111 004 872 сўм маблағларни ўзлаштирган, Азиз Йўлдошевнинг бошқа бир ҳамтовоғи “Angor Issiqxona Qurilish” МЧЖ раҳбари Сатторов эса бажарилмаган қурилиш ишлари учун 99 383 700 сўм маблағ олган.

Судда судланувчи Азиз Йўлдошев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тўзатиш иши жазоси тайинланган.

Судланувчи Ардашер Байиров Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари ва 28,209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчи Байиров Ардашер Ахмедовичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тўзатиш иши жазоси тайинланган.

Судланувчи Азамат Сатторов Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари ва 28, 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчи Сатторов Азамат Жовлиевичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган.

Суд материалида жиноят орқасидан етказилган 210 389 000 сўмлик моддий зарар қоплангани қайд этилган.

Апелляция инстанцияси ҳам Азиз Йўлдошевга тайинланган жазони ўзгаришсиз қолдирган.

Аҳамиятлиси суд ҳукми билан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган Азиз Йўлдошев Ангор туман ҳокимияти маҳаллабай ишлаш маркази раҳбари бўлиб ишлайди.

Суд материалидаги маълумотларга кўра, Азиз Йўлдошев 2012 йил 26 сентябрда жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 211-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28, 238-моддаси 2-қисми билан айбли топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ижтимоий тармоқларда "вирус"дек тарқалган аудиоёзувдаги ҳолат бўйича Бош прокуратура текширув бошлаган. Идора овоз кимга тегишли экан, қачон, қаерда ёзилганини ўрганмоқда. Сурхондарё ҳокимлиги аудио жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган ҳокимлик соатида ёзиб олинганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тўра Боболов

Баҳолаганлар

543

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг