АҚШ сенатори НАТОга постсовет давлатларини қўшмасликни таклиф қилди

Олам 7085
image
-

НАТО бундан буён постсовет давлатларини аъзоликка қабул қилмаслиги керак. Американинг Кентукки штати сенатори Ренд Пол “The American Conservative”да эълон қилинган мақоласида шундай чақириқ билан чиқди.

“Биз энди ҳиссий ва сиёсий манфаатлар учун сўзларни бемалол ҳавога совуролмаймиз. НАТОнинг кенгайиши ҳақида гапирганда, Совет Иттифоқи таркибига кирган қолган (ҳозиргача альянсга қўшилмаган – таҳр.) давлатлар иттифоққа қабул қилинмаслигини аниқ айтишимиз керак”, дейди сенатор.

Полнинг қўшимча қилишича, “Россия НАТОни Финляндияда бўлишига чидаши мумкин, аммо маълум қурол тизимларини у ерда жойлаштирилишига тоқат қилмайди”.

Маълумот учун, илгари СССР таркибига кирган Латвия, Литва ва Эстония давлатлари 2004 йилда НАТОнинг бешинчи кенгайтирилишидан кейин ушбу ҳарбий блокка қўшилганди. Ҳозирда альянсга аъзо мамлакатлар сони 30 тага етган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. 15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлиш қарорини эълон қилди.

Жорий йилнинг 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – Курдистон ишчи партияси, Сурия халқ мудофааси отряди ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.

Ушбу келишувлардан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден Twitter'даги саҳифасига Финляндия Президенти ва Швеция Бош вазири билан тушган суратини жойлаштириб, Туркия, Финляндия ва Швецияни ўзаро мулоқотнинг муваффақиятли якуни билан табриклади

Абдулвоҳид Ёқубов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×