“Янги Ўзбекистон”даги 30 йиллик эски қувурлар ёхуд Ўрикзорни нега сув босди?

Жамият

Бугун, 13 июнь куни Тошкентнинг “Ўрикзор” бозори остидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиши оқибатида савдо мажмуасининг 800 м. кв. савдо павильонларини сув босди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га воқеа жойига чиққан мутасаддилар маълум қилди.

Маълум бўлишича сув қувури ёрилган вақтда фуқароларга ҳеч қандай зарар етмаган. Ҳозирги вақтда ҳудудда ишлаётган “Тошиссиққуввати” ДУК Учтепа тумани бўлими бош муҳандиси Умид Султонмуродовнинг таҳририят журналистига маълум қилишича, текширув вақтида босим 7,8 даражага чиққанда қайтиш қувури ёрилиб кетган.

“Бир йилда икки марта юқори босимда қувурларни текширамиз. 7,8 босимга чиққанида, қайтиш қувури ёрилиб кетди. Соат 12:00 да “аварийный” гуруҳ техникалар билан етиб келиб, бартараф этиш чоралари кўряпмиз. Қувурлар охирги марта май ойида текширилган эди. "Труба"ларнинг эскиргани, коррозия ҳолатлари сабабли ёрилиб кетган деса хам бўлади.

"Труба"лар ҳар 15 йилда алмаштирилади. Бу "труба" алмаштирилганига 30 йил бўлган. Босқичма-босқич дастур бўйича қўшилиб, алмаштирилиб келинмоқда.

“Юқори босимда текширишдан олдин “маълум вақтда юқори босимда текширув қилинади”, деб бозорларни огоҳлантириб чиқамиз”, дейди “Тошиссиққуввати” ДУК муҳандиси.

Мутасаддининг айтишича, сув тошиши сабаб зарар кўрган асфальт қопламаси “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан таъмирлаб берилади. Бозорга огоҳлантириш берилгани учун ички ҳудудга етказилган зарар бозор маъмурияти томонидан қопланиши керак. Унинг қўшимча қилишича, текширув шаҳар ҳокимияти томонидан тасдиқланган жадвал бўйича ўтказилмоқда.

Муҳандис Умид Султонмуродов айтганидек, бозорқўмлар сув қувури синовидан огоҳлантирилган бўлса, улар бу ҳақда тадбиркорларга хабар берганмикан. Шу саволга жавоб топиш учун бозордаги бир нечта тадбиркорлар билан мулоқот қилганимизда уларнинг кўплари интервью беришни истамади. Кимлардир “хабаримиз бор” деса, кўплари “билмасак” деб жавоб бериб қутулди. 

Туман ҳокими ўринбосари Азизбек Азимовнинг айтишича, тадбиркорлар зарар кўрмаган. Бироқ камера объективи ивиган картон қутилар-у сув босган дўконларни ҳам хотирасига муҳрлади.

“Ўрикзор бозори ҳудудида иссиқ сув таъминоти корхонаси томонидан профилактика ишлари олиб борилган. Техник носозлик сабабли сув ёрилиб кетди. 800 м. кв майдонда сув тошган ва буни бартараф қилдик. Ҳозир битта машинага зарар етиб, ичига сув тўпланиб қолган. Бунинг зарари қоплаб берилди. Кўриб турганингиздек, ҳокимият, ФВВ, иссиқ сув таъминот корхоналарининг ҳаммаси шу ерда, қолаверса, бозорда фаолият олиб борадиган тадбиркорлар зарар кўрмаган”, дейди Учтепа туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Азизбек Азимов.


Мақола муаллифи

Теглар

бозор сув Ўрикзор бозори тошқин

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг