ЕИ Путин Россиясини бугунгача қандай санкциялар билан ўраб олди?
Таҳлил
−
03 Июнь 2022
9721Аввал хабар берганимиздек, кеча, 2 июнь куни Европа Иттифоқи Россия Федерацияси Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олгани ва Украина нисбатан ҳужум бошлаганиданг сўнг олтинчи санкциялар пакетини қабул қилди.
Пакет Европа Иттифоқи мамлакатларига рус нефтини танкер билан етказиб беришга олти ойлик эмбарго, нефть саноатида рус компанияларига хизмат кўрсатишни тақиқлаш, учта банкни, жумладан Сбербанкни SWIFT тўлов тизимидан узиш, учта рус медиа ташкилотига тақиқни ва шахсларнинг қора рўйхатини кенгайтиришни ўз ичига олади. Олтинчи пакет Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин кучга киради.
22 февраль куни ЕИ Донбасс мустақиллиги учун овоз берган Россия Федерацияси Давлат думасининг 351 нафар депутатига нисбатан санкциялар жорий қилди (уларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига кириши тақиқланган ва активлари музлатилган). Бундан ташқари, ЕИ 27 жисмоний ва юридик шахсни, жумладан, Россиянинг Донбасдаги операцияларини молиялаштирадиган банк ва ташкилотларни қора рўйхатга киритди. Европа Иттифоқи, шунингдек, Европа компанияларига ЛХР ва ДХР (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.) билан бизнес юритишни тақиқлаб қўйди ва жамиятнинг капитал ва молия бозорларига киришни чеклаб, Россиянинг давлат қарзига қарши санкциялар қўллашга қарор қилди.
25 февраль куни Россия томонидан Украинага нисбатан ҳарбий тажовуз бошланиши муносабати билан ЕИ иккинчи чора-тадбирлар пакетини келишиб олди. Санкция рўйхатига 78 нафар россиялик, жумладан, Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (уларнинг ЕИга кириши тақиқланмаган, бироқ уларнинг активлари Европа Иттифоқи банкларида топилса, музлатиб қўйилади), Бош вазир Михаил Мишустин, Украинадаги ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлаган Давлат думаси депутатлари ва Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши аъзолари киритилган.
28 февралдан учинчи санкциялар пакети жорий этила бошланди. Россия Федерацияси Марказий банкининг активлари музлатиб қўйилди. 26 киши, жумладан, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, “Роснефт” бош ижрочи директори Игорь Сечин, “Транснефт” раҳбари Николай Токарев ва “Согаз” суғурта компанияси ҳам санкциялар остида қолди.
2 март куни Европа Иттифоқи ВТБ, “Россия”, “Открытие”, Новикомбанк, Промсвязбанк, Совcомбанк ва ВЭБ банкларини SWIFT халқаро банклараро тўловлар тизимидан узиш тўғрисида қарор қабул қилди (12 мартдан кучга кирган).
Шу куни ЕИ Россияга евродаги банкнотларни сотиш, етказиб бериш, экспорт қилишни, шунингдек, Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан ҳамкорликда молиялаштириладиган лойиҳаларга сармоя киритишни тақиқлади. Шунингдек, Европа Иттифоқида Спутник ва RT/Russia Today телеканаллари (RT инглиз тилида, RT Буюк Британия, RT Германия, RT Франция ва RT испан тили) эфирига нуқта қўйди.
9 март куни янги таҳрирдаги санкциялар рўйхатига 14 нафар тадбиркор ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, 146 нафар депутат киритилди.
Улар орасида “Аэрофлот “директори Михаил Полубояринов, “Ростелеком” раҳбари Михаил Осеевский, Федерация Кенгашининг “Россия, Донецк ва Луганск халқ республикалари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш” учун овоз берган сенаторлар бор эди.
Европа Иттифоқи, шунингдек, Россия Федерациясига навигация ва денгиз радиоалоқа технологияларини экспорт қилишга чекловлар киритди.
15 март куни Европа Иттифоқи чекловчи чораларнинг тўртинчи пакетини қўллашни бошлади. Санкциялар рўйхати кенгайтирилган бўлиб, 15 нафар жисмоний ва тўққиз юридик шахс, жумладан Роман Абрамович ва Биринчи канал директори Константин Эрнст, “Роснефть-аэро” ва “Рособоронекспорт” ОАЖ ҳам бор.
Европа Иттифоқи, шунингдек, давлат иштироки 50% дан ортиқ бўлган 12 рус компанияси билан бизнес юритишни тақиқлади. Улар орасида "Оборонпром" саноат корпорацияси, Ростех, "Газпромнефть", "КАМАЗ" бор. Бироқ тақиқ Россиядан ёки у орқали импорт ёки транспортировка қилиниши муҳим бўлган қазилма ёнилғи, жумладан, кўмир, нефть ва табиий газ, шунингдек, титан, алюминий, мис, никель, палладий ва темирни сотиб олиш операцияларига татбиқ этилмади.
Қолаверса, Европа Иттифоқи Россия билан темир ва пўлат маҳсулотлари савдосига чеклов киритди. Россияга ҳашаматли товарлар, юқори сифатли парфюмерия, спиртли ичимликлар, маиший техника ва кийим-кечакларни (нархи 300 евродан ортиқ) етказиб бериш ҳам тақиқланди.
8 апрель куни ЕИ кенгаши Украинага нисбатан ҳарбий тажовуз туфайли Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини тасдиқлади. Унга кўра, Россиядан кўмир ва бошқа қаттиқ қазилма ёқилғиларни олиб кириш, Россия Федерацияси компанияларининг ЕИда давлат харидларида иштирок этиши ва Россиянинг бир қатор асосий банклари билан операцияларни амалга оширишга тақиқ жорий этилди. Россия Федерациясига ярим ўтказгичлар, машиналар ва транспорт ускуналарини экспорт қилиш, Россия кемаларининг Европа Иттифоқи портларига кириши ва транспорт компанияларининг Европа Иттифоқидаги фаолияти тақиқланди. Бир қатор шахсларга нисбатан ҳам чекловлар жорий этилди.
LiveБарчаси