1 июндан тиббиёт ходимларининг лавозим маоши оширилади
Жамият
−
18 Май 2022
9747Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик маошлари оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг кеча, 17 май куни қабул қилинган “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:
• олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга;
• иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга;
• тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилади.
Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
• бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкологик, руҳий, наркологик, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган тиббиёт муассасаларида – умумий харажатларнинг 10 фоизи;
• республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида – умумий харажатларнинг 5 фоизи.
• Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағларининг 75 фоизи гуруҳидан қатъи назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи – тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилади.
Бунда:
• ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
• янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
• оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.
Фармонда белгиланишича, тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.