Маълумот йўқми ёки текшириляптими? Миллий гвардия қўмондони Олмазордаги мажбурий меҳнат ҳақида нима дейди?
Жамият
−
27 Апрель 2022
11606Хабарингиз бор, 21 апрель куни “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда 20 апрель куни Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида оқ кўйлак, қора шим (форма) кийган бир гуруҳ йигитлар қўлларида челак, “лопатка” кўтариб ҳудудни тозалаётгани, мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида сўз борганди.
Орадан деярли бир ҳафта вақт ўтди. На Миллий Гвардия на Олмазор ҳокимияти ёки талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилган Жамоат хавфсизлиги университетидан садо чиқди. Ёки улар жавоб беришга жиддий тайёрланишаяпти ёки сукут аломати ризо… Бу орада Сенат раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси раиси Танзила Норбоевага QALAMPIR.UZ томонидан эълон қилинган “қидирув” ҳам кун ўтган сайин ўз кучини йўқотмай келмоқда. Ҳақиқатан ҳам Норбоева, қаердасиз?
Кеча, 26 апрель куни Сенатда ўтган йиғилишда QALAMPIR.UZ журналисти Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраевни учратди ва пайтдан фойдаланиб, ундан QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатдан хабари бор ё йўқлигини сўради. Қўмондоннинг жавоби эса ҳар қандай кишини таажжубга солса, ажаб эмас.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Жамоат хавфсизлиги университети талабаларини икки марта мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида видео эълон қилинган эди. Бу ҳақда хабарингиз борми ва қандай муносабатдасиз?
Рустам Жўраев, Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор: — Мажбурий меҳнат бўйича менда бундай маълумотлар йўқ, (!) лекин биз ҳозир ўша мурожаатдан кейин текширув ўтказяпмиз, ҳали охирига етганимиз йўқ. Хулоса қилганимиздан кейин сизларга, албатта, ахборот берамиз.
Ф.Н.: — Демак талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида сизда хабар бор?
Р.Ж.: — Йўқ. Унақа хабар йўқ. Ҳеч қачон мажбурий меҳнатга курсантлар жорий [жалб] қилинмайди. Ҳеч қачон!
Ф.Н.: — Лекин бу QALAMPIR.UZ’да эълон қилинди.
Р.Ж.: — Эълон қилган бўлса ҳам QALAMPIR, бу QALAMPIR’нинг фикри, биз буни текширайлик, сизларга жавоб берамиз. Яхшими?
Ф.Н.: — Видеони кўрсангиз, улар ҳам айтишган талаба эканликларини.
Р.Ж.: — Майли, текширув ўтказиб, сизларга жавоб берамиз.
Агар юқоридаги суҳбатни диққат билан ўқиган бўлсангиз, гап аввалида Рустам Жўраев “мажбурий меҳнат бўйича менда бундай маълумотлар йўқ”, деб QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақолани назарда тутди. Агар унда мажбурий меҳнат ҳолати бўйича маълумот бўлмаса, қизиқ, нимани текширишяпти? Текширув ўтказилаётгани ростми ё бу ОАВ учун “дежурный” жавобми? Ҳар не бўлганда ҳам биз генералдан холис ва ҳаққоний текширув ўтказилишини назоратига олишини, талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар жазоланишини сўраб қоламиз.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ’да мажбурий меҳнат содир бўлганини тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам борлигини эслатиб ўтамиз.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган“Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли мақола ортидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳолатга расмий муносабат билдириб, Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси ушбу ҳолатни ўз назоратига олгани ва ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча ахборот берилишини маьлум қилди.
20 апрель куни Олмазорда содир бўлган ҳолат мажбурий меҳнат билан боғлиқ илк факт эмас. 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор тумани Форобий кўчасида жойлашган маҳаллалардан бирига келди. Президент ташрифи олдидан ушбу ҳудудда иш қизғин эди. Туман ҳокими бошчилигида Жамоат хавфсизлиги университети талабалари мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ тезкор хабар берганига қарамай, ҳеч қандай чора кўрилмади. Жамоат хавфсизлиги университети эса Олмазор тумани ҳокимлиги ва университет ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида мужмал баёнот берди.
LiveБарчаси