Норбоева давлат пулини ҳавога совуришда қайси ҳудудлар пешқадамлигини айтди
Жамият
−
06 Апрель 2022
14342Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда давлат харидларидаги қонун бузилиши ҳолатлари натижасида давлат манфаатларига 121,2 млрд сўмлик зарар етказилган. Бу ҳақда кеча, 5 апрель куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида Кенгаш раиси Танзила Норбоева маълум қилди.
Қайд этилишича, 2018-2021 йилларда давлат харидлари соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари билан боғлиқ 283 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, уларнинг асосий қисми Сирдарё вилояти (56 та), Тошкент шаҳри (40 та), Фарғона (30 та) ва Навоий (26 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 272 та жиноят иши очилиб, 508 нафар шахс жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари натижасида давлат манфаатларига 121,2 млрд сўмлик зарар етказилган.
Таъкидланишича, давлат харидлари соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича 2020 йилда қабул қилинган “йўл харита”да белгиланган вазифаларнинг 30 фоизи бажарилмагани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган кескин чоралар натижасида судга юборилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида 100 фоизга ортган.
LiveБарчаси