Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тушуниш билан қабул қиляптими? Рус матбуоти нима деб ёзмоқда?
Олам
−
21 Март 2022
56277Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан бугун, 21 март куни амалга оширган телефон орқали мулоқоти рус матбуотида яна Тошкент Москванинг Украинадаги ҳарбий операциясини тўғри тушуниши мазмунида ёритилмоқда.
21 март куни Москва вақти билан соат 15:46 да ТАСС ахборот агентлигида эълон қилинган хабарда, Россия ва Ўзбекистон Президентлари мулоқотида асосий урғу Украинадаги вазиятга берилгандек ёзилган. Агентлик ушбу хабарни Кремлга таяниб тарқатган.
“Икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил ноябрь ойида Россияга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклади. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди.
Владимир Путин Донбасс республикаларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида маълум қилди. Ўзбекистон Президенти Россия томонининг позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан гапирди.
Турли даражадаги алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди”, дейилади Кремль тарқатган хабарда.
ТАССнинг ёзишича, мулоқот Ўзбекистон томонининг таклифига кўра ўтказилган. Расмий Тошкент эса икки давлат раҳбарларининг мулоқоти кимнинг таклифи билан ўтказилганига аниқлик киритмаган.
Шунингдек, суҳбат аввалида Россия Президенти Шавкат Мирзиёевни ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўз билан самимий табриклаб, фаровонлик ва равнақ тилагани айтилган. Бироқ Кремль хабарида бу ҳақда миқ этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг ахборотида Украинадаги вазият бўйича шундай жумла келтирилган:
“Минтақа ва халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашилган”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 февраль куни ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган эди. Ушбу мулоқотни ҳам Кремль ва маҳаллий матбуот Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциясини тушунаётгани мазмунида ёритди. Бироқ, Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати томонидан берилган хабарда бу ҳақда сўз очилмаганди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Президент Матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги вазият бўйича позицияси хусусида гапириб чиқди. Жумладан у шундай дейди:
“Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.
Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса жорий йилнинг 17 март куни бўлиб ўтган Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Ўзбекистон Украина шарқида жойлашиб олган сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олмаслигини маълум қилди.
Вазирнинг қайд этишича, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Расмий Тошкент вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур.
“Ўзбекистон тарихан ҳам Россия Федерацияси билан, ҳам Украина билан анъанавий кўп қиррали алоқаларга эга. Ва биз ҳар икки мамлакатлар билан ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз”, деган вазир Комилов.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 18 март куни ЕИ ва унга аъзо давлатлар, шунингдек, Буюк Британия, Япония ва АҚШнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўтган учрашувда расмий Тошкентнинг ушбу масала бўйича вазмин ва бетараф ёндашув ҳамда вазиятни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириқни кўзда тутадиган ўзгармас позициясини билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь