Каттаконларнинг мол-мулки ҳақидаги маълумотлар қачон оддий одамлар учун очиқ бўлади?
Жамият
−
11 Март 2022
9812Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан мансабдорларнинг мол-мулкини декларация қилиш бошланган. Шу йил охиригача амалдорлар мулклари ҳақидаги маълумотлар очиқланади. Бу ҳақда кеча, 10 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг жамоатчилик олдидаги ҳисоботи юзасидан ўтказилган анжуманда агентлик директори Акмал Бурҳонов QALAMPIR.UZ журналисти саволига жавобан маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлда қабул қилган ПФ-6257-сонли “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчиларининг мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган эди. Агентлик томонидан бу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда платформа ишлаб чиқилди. Платформанинг техник жиҳатларини АКТ вазирлиги, Киберхавфсизлик ва бошқалар билан бирга кўрилган. Энг Мухими қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қонунчилик процессида озгина чўзилиш юзага келди, лекин 2022 йил 1 январдан барча мансабдорларнинг мол-мулклари ҳисоби бошланган. Қонун кучга кирганда жамоатчиликка қачон эълон қилиниши кўрсатиб ўтилади. Тўғрисини айтсам, биз 1 апрелдан дегандик, лекин улгурмаяпмиз. Июндан бўлар, июлдан бўлар, балки йилнинг охирида барча маълумотлар очиқланар”, дейди Бурҳонов.
Бурҳоновнинг таъкидлашича, декларация жараёнини амалда татбиқ этишдан олдин хориж тажрибаси ҳам мунтазам ўрганилган. Кўп давлатларда мансабдорларнинг фарзандларига тегишли мол-мулклар декларациядан ўтказилмайди.
“Декларация масаласида хориж тажрибасини ўрганганимизда, энг тўғри йўл, биринчи навбатда мансабдорнинг яқин қариндошлари, турмуш ўртоғини мол-мулкини ҳам декларациядан ўтказиш эканини кўриш мумкин. Кўп давлатларда фарзандлар бу рўйхатга киритилмаган лекин Ўзбекистон ҳозирча 18 ёшгача бўлган фарзандларини номидаги мол-мулкини ҳам хатловдан ўтказиш масаласини ҳам киритган. Мол-мулклар декларация қилиниш жараёнида кўрамиз, агар ҳамма ўзига тегишли бойликларни ёппасига қариндош уруғининг номига ўтказадиган бўлса, албатта, бу жараён яна қайта кўриб чиқилади. Бу ерда инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам бор. Албатта, бу Халқаро ташкилотлар тавсияси”, дейди Акмал Бурҳонов.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 6 июлда қабул қилган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.
LiveБарчаси