Исроил ҳаддидан ошди. Европа ваниҳоят санкция қўлламоқчи

Таҳлил

2023 йил октябридан буён тўхтамай келаётган Исроил–Фаластин можароси яна халқаро кун тартибининг марказига чиқди. Сўнгги кунларда Исроил ҳукумати фаластинлик маҳбусларга нисбатан ўлим жазосини қўллашга рухсат берувчи қонунни амалга киритди. Шу билан бирга, Ғазога гуманитар ёрдам олиб бораётган фаолларга нисбатан қилинган муносабат ҳам дунё жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Айни пайтда, АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган Тинчлик кенгаши Ғазо бўйича янги 15 бандли режани тақдим қилди.

Исроил томонидан Ғазога гуманитар ёрдам етказишга уринган “Сумуд” ҳаракати фаоллари қўлга олинди. Бу жараён акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Кадрларда фаоллар қўллари қайрилган ҳолда олиб кетилаётгани, кейин эса бетон майдонда тиз чўктирилиб, бошларини ерга эгишга мажбурланаётгани кўринади. Видеода, шунингдек, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг қўриқчиларга “уларнинг қичқириқларига эътибор берманг” дея айтгани ҳам эшитилади.

Бен-Гвир мазкур видео остида “Терроризм тарафдорларини шундай қарши оламиз” дея изоҳ қолдирган. Бу ҳолат халқаро миқёсда катта резонанс берди. Ҳатто Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Бен-Гвирнинг ҳаракатларини танқид қилди. Нетаньяху Исроил ўз ҳудудий сувларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлар экан, фаолларга нисбатан қилинган муносабат “Исроил қадриятларига мос келмаслиги”ни айтди.

Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саъар эса Бен-Гвирни “давлат имижига зарар етказувчи шоу ташкил қилиш”да айблади. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Иветт Купер бу видеони “инсон қадри ва шаънига қарши ҳолат” деб атади. Италия Бош вазири Жоржа Мелони эса Италия фуқаролари ҳам таҳқирланганини билдириб, Исроилдан расмий узр талаб қилди. Шунингдек, Канада ва Нидерландия ҳам Исроил элчиларини чақиришини маълум қилди.

Шу орада Исроилда “террорчилик ҳаракатлари” учун ўлим жазосини қўллашга оид янги қонун амалиётга татбиқ этилди. Мамлакат Марказий ҳарбий округи қўмондони томонидан имзоланган тузатишга кўра, Исроил давлатининг мавжудлигини инкор этиш ёки қуролли ҳаракатларда иштирок этишда айбланган шахслар ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ билан жазоланиши мумкин. Исроил Мудофаа вазири Исраэль Кац бу қарорни 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС амалга оширган ҳужумларга “жавоб чораси” сифатида баҳолади.

Қонун, асосан, Ғарбий Соҳил ҳудудида фаолият юритувчи фаластинликларга қаратилгани айтилмоқда. Бироқ ҳужжатдаги айрим ифодалар Исроил фуқаролари ёки резидентларига нисбатан ушбу жазо қўлланмаслигини кўрсатмоқда.

Бу қарор Европа Иттифоқида ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликда айбланаётган исроиллик кўчманчиларга қарши санкцияларни маъқуллади. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас санкциялар нафақат исроиллик радикалларга, балки ҲАМАС раҳбариятига ҳам қаратилганини билдирди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барроэса Ғарбий Соҳилдаги “экстремистик колонизация”ни қўллаб-қувватлаган ташкилотлар ва уларнинг раҳбарларига қарши янада қаттиқ чоралар кўрилишини талаб қилди. Айрим Европа давлатлари эса Исроил аҳоли пунктлари билан савдо алоқаларини чеклаш тарафдори бўлиб чиқмоқда.

Исроил ҳукумати эса бу санкцияларни “сиёсий ва асоссиз қарор” деб баҳолади. Гидеон Саъар Европа Иттифоқини “фақат сиёсий қарашлари учун Исроил фуқароларини нишонга олиш”да айблади.

Шу билан бирга, Трамп ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши Ғазо бўйича янги “йўл харитаси”ни эълон қилди. Ҳужжат 15 банддан иборат бўлиб, урушни тўхтатиш, Ғазони қайта тиклаш ва мустақил Фаластин давлатини шакллантиришга қаратилган.

Режанинг дастлабки бандлари ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар ёрдамни тўлиқ таъминлашга бағишланган. Кейинги қисмларида ЦАҲАЛнинг Ғазодан босқичма-босқич чиқиши, қуролсизлантириш жараёни ва халқаро барқарорлаштирувчи кучларни жойлаштириш масалалари назарда тутилган. Ҳужжатда “бир ҳокимият, бир қонун ва бир қурол” тамойили асос қилиб олинган бўлиб, фақат расмий Фаластин тузилмалари қурол сақлаш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган.

Режага мувофиқ, Ғазода вақтинчалик Миллий қўмита тузилиб, у фуқаролик бошқарувини амалга оширади. Халқаро ташкилотлар эса хавфсизлик, гуманитар ёрдам ва қайта тиклаш ишларини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, Вашингтонда ўтган Тинчлик кенгаши саммитида Трамп Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони ва Қувайт Ғазони тиклаш учун 7 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратганини маълум қилди. Президент Шавкат Мирзиёев эса Ўзбекистон Ғазода уй-жойлар, мактаблар ва шифохоналар қурилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирганди.

Бироқ айрим таҳлилчилар мазкур режанинг амалга ошишига шубҳа билан қарамоқда. Уларга кўра, ҲАМАС қуролсизланишдан бош тортса, Ғазодаги тиклаш ишлари яна узоқ муддатга кечикиши мумкин.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим жазоси Нетаньяху Ғазо Исроил–Фаластин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг