Ер остига яширинаётган украиналиклар тунни қандай ўтказди? Улар орасида ўзбеклар ҳам бор (фоторепортаж)
Олам
−
25 Февраль 2022
20178Россия босқини остида қолаётган Украина аҳолиси кеча тунни метро бекатларида ўтказди. Катта эҳтимол билан улар ҳамон ер остида қолмоқда. Аҳолининг баъзилари оилалари билан ҳаётий энг муҳим воситалар – иссиқ кийимлар, кўрпа-тўшак, адёллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни, айримлар уй ҳайвонларини ҳам олиб келган. Минглаб одамлар мармар қопланган полда, зинапояда ёки вагонларнинг ўриндиқларида ухлаган. Кимдир олиб келган адёлига бош қўйиб, қолганлар эса шунчаки сумкасига суяниб, ухлаган.
Киевлик Еленанинг “Фан” федераль янгиликлар агентлигига айтишича, у ва унинг қариндошлари ўша тунни “Теремки” метро бекатида ўтказган.
“Кечаси шовқинли эди. Ҳамма портлашлар овозини эшитди. Одамлар қўрқяпти, кўпчилик ҳали ҳам метрода қолмоқда. Кўчаларда одам кам, сиреналар қичқиряпти”, дейди киевлик аёл.
Метрода тунаб қолган баъзи аёллар душ қабул қилиш ва овқат пишириш учун уйга қайтишни хоҳлайган.
“Кеча эрталаб соат олтида биз портлашлар овозидан уйғондик. Кун давомида тинч эди. Бугун эса яна эрталаб соат еттида сирена овози эшитилди. Онам ва мушугим билан метрога қочиб келдик. Деярли икки соатдан бери шу ердамиз. Мен бу ҳақиқатан ҳам содир бўлаётганига ишонмайман. Бу жуда қўрқинчли”, дейди Киевда яшовчи Дариа.
Шу билан бирга, аҳолининг сўзларига кўра, метро ишчилари одамларга ёрдам берган, сув олиб келган, ҳожатхоналарни очиб, телефонларни қуввашга имкон яратган.
“Харьковнинг бошқа аҳолиси сингари, мен эрталаб соат 05:00 да уйғондим ва оиламни метрога олиб боришга қарор қилдим. Кейин улар хотиржамлик билан полни эгаллаб, ўзларида бўлган нарсаларни: картон қутилар, кўрпа-тўшакдан тортиб ёстиқларгача ёйди ва жимгина кутишни бошлади. Биз ўзимизни телефонларга кўмиб, бир-биримизга ҳисобот бердик. Болалар кўп эди. Биз ҳаммамиз кечаси тинчгина ўтирдик, кутдик ва ишондик”, дейди харьковлик Елена.
Метро станциясида тунаганлар орасида Харьковда бўлиб турган ўзбекистонликлар ҳам бор. Харьков Миллий техника университети 4-босқич талабаси Хушнуд Ўткиров ҳам бошқа 25 нафар ўзбекистонлик талабалар билан метронинг Пушкин бекатида тунади.
"Одам кўп эди. 24 февраль куни соат 15:30 атрофида биздан ётоқхонани тарк этишимиз ва яқинимиздаги метро бекати станциясига яширинишимиз кераклиги айтилди. Керакли нарсаларни олиб, айтилган жойга бордик. Одам жуда кўп эди, метро ҳаракати тўхтатилган. Тун осуда ўтди. Эрталаб соат 6 да телефонимни қувватлаш учун яна ётоқхонага қайтдим", дейди ўзбекистонлик Хушнуд Рўзиев QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
LiveБарчаси