“Gentra’си бор одамнинг Captiva мингиси келади" ёхуд судьялар ўзига неча баҳо беради?
Интервью
−
16 Февраль 2022
12648Ҳеч судга ишингиз тушганми? Судьялар чиқарган қарор ёки ҳукмга ўз баҳоийингизни берганмисиз? Жамиятда коррупция аралашса, азиятини бутун миллат чекиши мумкин бўлган уч соҳа бор. Булар – суд, тиббиёт ва таълимдир. Агар фуқаро судда пора бериб, ғалаба қозонса, одамлар онгида жамиятда адолат борлигига шубҳа уйғонади. Адолат бўлмаган давлатда на ривожланиш, на тараққиёт бўлади.
Хўш, бугун Ўзбекистонда Олий суд раиси ўринбосарлари ўз иш фаолиятини неча балл билан баҳолай олади? QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ушбу савол билан судьяларга юзланди. Жавоблар эса қуйидагича бўлди.
“Маррани катта қиляпмиз”
Робахон Маҳмудова, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари:
— Мен фаолиятимга 10 балл бера олмайман. Лекин шунга ҳаракат қиляпмиз. Ҳаммамиз маррани катта олганмиз. Баҳолаш эса сиздан.
“Gentra’си бор одамнинг Captiva мингиси келади"
Икром Муслимов, Олий суд раиси ўринбосари:
— Агар мен ўз фаолиятимни 10 балл билан баҳоласам, ишим тўхтайди. Шунинг учун мен ўзимнинг фаолиятимни пастроқ баҳолашга, яъни доим фаолиятим баҳосини 10 баллга чиқаришга ҳаракат қиламан.
Оддий бир мисол, бугун Nexia машинасига эга одам бахтли. Кейинроқ у Gentra олишни хоҳлайди ва 10 баллик шкала 7 баллга тушиб қолади. Ниятига етиб, ўша Gentra’га эришса, ўша куни унинг баҳоси 10 баллга чиқади ва унда Captiva олиш нияти пайдо бўлади. Яна ўша шкала 5 ёки 7 баллга тушиб қолади. Мен доим ўз фаолиятимни 10 баллик тизимда 5 ёки 7 балл атрофида баҳолайман. Сабаби, 10 баллга эришиш учун менда интилиш ва ҳаракат бўлади.
“Ҳеч ким фаолиятини 10 балл билан баҳоламайди”
Бахтиёр Исоқов, Олий суд раиси ўринбосари:
— Ҳеч ким ўзининг иш фаолиятига тўлиқ 10 балл бермайди. Сабаби, яна қилиниши керак бўлган ишлар ва мақсадлар кўп. Шуни инобатга олган ҳолда, иш фаолиятимни 7 балл билан баҳолайман.
“Жуда “самокритичный” одамман”
Ҳалилилло Тўрахўжаев, Олий суд раиси ўринбосари:
— Ўзимга ўзим баҳо беришимни нотўғри, деб ўйлайман. Мен "самокритичный" одамман. Агар ҳозир сизга ўз ишимнинг баҳосини айтадиган бўлсам, “Нега унда бу лавозимда ўтирибсан?”, дейишингиз мумкин. Менга баҳони сизлар беринг. Мен сизга бир йўналиш айтаман: Судьялар Олий кенгаши томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш механизми, яъни рейтинги бор. Ўша жойга кирсангиз, менга халқ неча баҳо берганини кўришингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил судлар томонидан 1 млн 185 231 та иш кўрилган. 47 659 та жиноят ишлари бўйича судларга, 428 869 таси маъмурий судларга, 518 112 та фуқаролик ишлари бўйича судларга ва 175 445 та иқтисодий судларга тўғри келмоқда. Шунингдек, республика судларида 15 146 та оммавий низолардан келиб чиқувчи ишлар кўрилган.
Ўтган йилнинг мос даврига таққослаганда фуқаролик ишлари ҳажми 78 фоизга, иқтисодий ишлар 68 фоизга, жиноят ишлари 57 фоизга ортганини кўриш мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь