Талаба қиз, депутат ва блогер аёл иши... Сенат нега сукут сақламоқда?
Жамият
−
26 Ноябрь 2021
22545Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда аёллар ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар ҳақида хабар ва видеолар тарқалди. Буларга Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи қизга декан ўринбосари тажовуз қилгани ҳақидаги, халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашеванинг номақбул вазиятдаги видеои тарқалиши ёки Андижонда блогер аёлнинг электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланишини мисол қилиб келтириш мумкин. Бунгача аёллар ҳуқуқи бузилганда ёки улар тазйиққа учраганда турли давлат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари қаторида Олий Мажлис Сенати ҳам бу ишларни қоралаб чиқарди. Аммо юқори ҳолатларла парламентнинг юқори палатаси сукут сақламоқда.
Бугун, 26 ноябрь куни “Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш масалалари” мавзусидаги конференцияда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер-тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова юқори палатанинг аёллар билан боғлиқ ҳолатлардаги позицияси ҳақида маълумот берди.
“Нафақат “Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари” қўмитаси балки Гендер комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг ҳам аниқ талаблари асосида ижтимоий тармоқларда аёлларга ва бошқа қўмиталарга оид қайси мавзу юзасидан воқеа содир бўлмасин, бошқа ҳамкор ташкилотлардан маълумотлар олиб, ўрганишни бошлаймиз. Ўз муносабатимизни сайтда эълон қилмаслигимиз Олий Мажлис Сенати беэътибор дегани эмас. Ҳолатни чуқур ўрганишга ҳаракат қиламиз. Андижон, Сурхондарёдаги ҳолатларни кўрдингиз ҳар қанча муносабатлар бўлмасин бу ўз тасдиғини топмади. Сурхондарёдаги ҳолат билан шахсан ўзим бориб танишдим ва умуман бошқа вазиятлигини гувоҳи бўлдим. Ҳар бир вазиятни ҳамкор ташкилотлар билан ўрганамиз. Юқоридаги ҳолатлар (блогер Фотима Жўраева, депутат Феруза Бабашева ва Муштарий Комилова) тергов ишлари охирига етмаган, Олий Мажлис Сенати қонун доирасида жавоб беришга ҳаракат қилади. Ҳолат юзасидан ўрганиш бошланди деб бергандан кўра ҳолатни ичига кириб, ўрганиб, жабр чеккан аёлга ёрдам берганимиз маъқул”, дейди сенатор Малика Қодирхонова.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалди. Жамоатчилик шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузувчи видеолар тарқатилишини депутат аёлнинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.
Якунда прокуратура сўровига кўра, Феруза Бабашева дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлди, аммо депутатликда қолди.
Андижондаги ҳолатда блогер Фотима Жўраева электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганини айтди. Бироқ “Андижон ҲЭТК” АЖ буни рад этди ва блогерни электр корхонаси ҳисобчисини обрўсизлантиришда айблади.
Шов-шувга сабаб бўлган яна бир ҳолат Тошкент давлат педагогика университети талабаси билан юз берганди. Жорий йилнинг 27 октябрь куни университет талабасига “замдекан” тажовуз қилиб ниятига етолмагач, уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ воқеа 18 октябрда юз бергани маълум бўлди.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь