Фарғонадаги даҳшат. Ўлганлар сони яширилмоқда

3-саҳифа

Ҳукумат Фарғонада содир бўлган портлашда ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг сонини яширяпти. Бу QALAMPIR.UZ’га қўнғироқ қилган фарғоналиклардан бирининг гаплари. Хабарингиз бор, 17 декабрь куни соат 13:43 да Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида даҳшатли портлаш содир бўлди. 

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тақдим этган дастлабки маълумотда портлаш шаҳарнинг “Янги йўл” МФЙ Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган кўп ёқилғили АЁҚШ ва АГҚШ шохобчасида суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнларнинг бузилиши ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги оқибатида рўй берган. Шу туфайли чақнаш содир бўлган ва ундан сўнг ёнғин юзага келган. Дастлаб ёнғин оқибатида 1 фуқаро вафот этгани, 4 та киши жароҳат олиб, 8 нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида экани айтилди. 

18 декабрь куни маълумотлар янгиланиб, қурбонлар сони ортиб 3 тага етгани маълум қилинди. Юқорида айтганимиздек, QALAMPIR.UZ’га қўнғироқ қилган фарғоналик фуқаро қурбонлар сони 20 га яқин экани ва бу маълумотлар сир сақланаётганини айтмоқда. Унинг маълум қилишича, портлашда ҳалок бўлганлар орасида унинг узоқроқ қариндоши ва ўша аёлнинг фарзандлари ҳам бўлган. Аммо у ҳақда ҳозиргача маълумот берилмаган.  

“Қариндошим 33 ёшлар атрофида эди. Бензин қуйиш учун шохобчасига борган. У билан 2 та фарзанди ва 1 та 18 яшар жияни бор эди. Опам фуқаролар кутиши учун белгиланган жойда турган. Портлаш содир бўлганида 18 яшар жияни воқеа жойида вафот этган. 3 ва 4 яшар 2 та ўғил фарзандлари ва ўзининг жони шифохонага келганда узилди”, дейди фарғоналиклардан бири. 

QALAMPIR.UZ’га қўнғироқ қилиб бу маълумотларни берган шахснинг маълум қилишича, у воқеа содир бўлган шохобча яқинида ишлайди. Ўз кўзи билан заправканинг ичида бўлган 8 та машина ёниб кетгани ва автомобилларининг ичида одам бўлганини айтмоқда. 

“Мен ёнилғи қуйиш шохобчаси яқинида ишлайман. Ўз кўзим билан ичкарида 8 та автомобиль ёниб кул бўлгани, портлаш вақтида шу кўчадан ўтиб кетаётган 1 та автомобиль ичидаги одамлари билан ёниб кетганини кўрдим. Мен ишлаган жойга келган Ички ишлар ходими бехосдан гап орасида 20 га яқин одам ҳалок бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, пропан сақланадиган идишнинг шланки яхлаб қолган. Ана шу шланкни эритишдаги эҳтиётсизлик оқибатида пропан чиқиб кетган”, дейди фуқаро.

Унинг айтишича, жароҳатланганларнинг кўпи воқеа содир бўлган жойдан бир чорраҳа юқорида жойлашган вилоят Тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. QALAMPIR.UZ шифохонадаги манбалари билан боғланди. У ердагиларнинг айтишича, жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар сони шифохонанинг ходимларидан ҳам беркитиляпти. Олиб борилганларга қараш учун ажратилган шифокорларнинг оғзи "маҳкамланган". 

“Бизнинг шифохонамизда бир нечта шифокор, ҳамшира ва "санитарка"лар ишлайди. Лекин портлашдан кейин олиб келинганларга ҳамма ҳам қарай олмайди. Улар ҳақидаги маълумотни ошкор қилиш ҳам тақиқланган. Мендаги маълумотларга кўра, ҳозир 8 та одам 80-90 фоиз куйиш ташхиси билан озот аппаратида ётибди. 1 та вояга етмаган бола ва 4 та вояга етган шахс реанимация бўлимида қолмоқда. Жароҳатланганларнинг аниқ сони йўқ, лекин улар жуда кўп”, дейди шифохона ходими. 

Таҳририят билан суҳбатда бўлганлардан бирининг айтишича, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси яқинида "Ансор" номли тамаддихона бор. Портлаш вақтида кафеда бўлган ёши катталардан бири чўчиб кетиб, шок ҳолатига тушган ва шифохонага олиб борилган.

Шохобча яқинидаги “малинкая страна”, номли боғчадаги болаларга зарар етмаган. Улар дарҳол эвакуация қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Лекин Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган ва тергов ҳаракатлари кетмоқда.

Фарғона ИИБ томонидан вафот этганлар сони ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги расмий ва норасмий ОАВлар бу маълумотларни эълон қилди. Ана ўша хабардаги изоҳлар эса кўпчиликнинг эътиборини тортиши аниқ. Изоҳлар келтирилади. Кўриб турганингиздек, ОАВлар ёлғон ахборот тарқатишда айбланмоқда. Ваҳоланки, барча ОАВлар давлат органларига таянган ҳолда рақамларни эълон қилган. Бундай ҳолатда маълумотни тарқатган бирламчи манбалар эмас, оммавий ахборот воситалари ўқувчилар олдида бутун жавобгарликни ўз гарданига олишига тўғри келади. Энг ачинарлиси, биласизми, нима? Ўзбекистонда қурилиш қоидаларига тупуриб қўйилгани. 

Масалан, айнан шу ҳолатда ҳам АЁҚШ одамлар яшайдиган уйга жуда яқин жойлашган. Буни вилоятнинг қурилиш бўйича ўринбосари кўрмаган деб айтолмаймиз. QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган фарғоналикларнинг айтишича, одамлар бу шохобчанинг одамлар уйига яқин жойда жойлашгани ва бу хавфли эканини айтиб бир неча бор норозилик билдиришган. 

Кўриб турганингиздек, “малинкая страна” деб номланган болалар боғчаси "заправка"га жуда яқин қурилган. Наҳотки бу хавфли эканини боғча раҳбари ёки вазирлик билмайди. АЁҚШ ва АГҚШлар тураржой бинолари орасидаги масофа хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади. Аммо минг афсуски, бу қоидаларга ҳеч ким эътибор бермайди. Энг даҳшати, ҳокимлар ёки бошқа ташкилотлар кўр-кўрона турли тадбиркорларга қуриш учун рухсат беради. Одамларнинг уйига газ ҳиди кириши, бу уларнинг саломатлиги учун зарар экани ёки доим хавф остида қолиши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бўладиган иш бўлганидан кейин ҳам ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар сони яширилади. Бу одамларни тинчлантиришми ёки бошқа нарсами, униси бизга қоронғи.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг