“Толибон”га қарши кучлар масжиддаги портлашни ўз бўйнига олди
Олам
−
16 Октябрь 2021
7165ИШИД террорчилик гуруҳи Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида жойлашган Биби-Фотима масжидидаги портлаш учун жавобгарликни ўз бўйнига олди. Бу ҳақда “Aljazeera” хабар берди.
Турли манбаларга кўра, 40 дан 60 нафаргача одамнинг ҳаётига зомин бўлган ушбу террорчилик ҳаракати жума номози вақтида икки нафар худкуш томонидан амалга оширилган. Портлаш оқибатида, шунингдек яна 70 киши яраланган.
Ўз навбатида, Қандаҳордаги энг катта масжидда юз берган портлаш юзасидан Ўзбекистон муносабат билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда террорчилик ҳаракати кескин қораланган.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш кўнгилсизлик бир ҳафта олдин Афғонистоннинг бошқа бир вилояти – Қундузда юз берганди. Ўшанда шиа масжидида жума номози ўқилаётганда портлаш юз бериб, 50 га яқин одам ҳалок бўлган. Яна ИШИД, аниқроғи унинг Афғонистон бўйича бўлими – “Вилоят Хуросон” портлаш учун жавобгарликни ўз бўйнига олган.
Қайд этиш керакки, айнан ИШИД хавфсизлик борасида “Толибон” учун ҳақиқий “бош оғриқ” бўлиб турибди. Буни ўз навбатида, ҳаракат расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳам таъкидлаган. Ҳаракат ушбу террорчи гуруҳга қарши курашни, аллақачон бошлаб юборган.
LiveБарчаси