Афғонистон: жума намозидаги портлашда неча киши ўлгани маълум бўлди
Олам
−
09 Октябрь 2021
9742Кеча, 8 октябрь куни Афғонистоннинг Қундуз вилоятида жойлашган шиалар масжидидаги портлаш оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА Новости маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармасидаги манбасига таяниб, хабар берди.
“Охирги маълумотларга кўра, 46 киши ҳалок бўлган, 143 киши жароҳатланган”, дейилади хабарда.
Бунга қадар ОАВда ушбу портлаш оқибатида 100 дан ортиқ одам қурбон бўлгани ҳамда 20 га яқин киши яралангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Қайд этилишича, қурбонлар сонининг бунчалик кўплиги портлаш айнан жума номози вақтида содир этилгани билан боғлиқ. Ҳудкуш-террорчи масжид ичида портловчи мосламани фаоллаштирган.
“Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳидга кўра, портлаш жойига махсус кучлар етиб келган ва тергов давом этмоқда.
“Толибон” портлаш “Хуросон ислом давлати” гуруҳи томонидан уюштирилган, деган айбловни илгари сурди. Ўз навбатида, ИШИДнинг бир қисми ҳисобланган ушбу гуруҳ портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ушбу портлашни террорчилик ҳаракати деб баҳолаб, кескин қоралади ҳамда ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
LiveБарчаси