Ўзбекистон Афғонистондаги масжидда юз берган портлашга кескин муносабат билдирди
Жамият
−
09 Октябрь 2021
10829Ўзбекистон кеча, 8 октабрь куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жума намози пайтида кўплаб қурбонларни келтириб чиқарган террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.
Қайд этилишича, бундай зўравон ҳаракатлар Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ва миллий келишувни ўрнатишга тўсқинлик қилади.
“Ўзбекистон ҳукумати ушбу ғайриинсоний ҳужумда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 октябрь куни Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиалар масжидида портлаш содир бўлди. Ҳудкуш-террорчи масжид ичида портловчи мосламани фаоллаштирган.
“Толибон” портлаш “Хуросон ислом давлати” гуруҳи томонидан уюштирилган, деган айбловни илгари сурди.
“Ariana News” телеканалининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, 50 кишининг жасади моргга олиб борилган. РИА Новости нашрига кўра, ушбу портлаш оқибатида камида 43 киши ҳалок бўлган ҳамда 140 дан ортиқ одам яраланган.
LiveБарчаси