Масжидда жума намози вақтида портлаш юз берди

Олам 26860
image
-

Бугун, 8 октябрь куни Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиалар масжидида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Aamaj News” хабар берди.

Маълумотларга кўра, портлаш маҳаллий вақт билан соат 13:30 ларда кўплаб одамлар жума намозини ўқиш учун йиғилганида юз берган. Ҳудкуш-террорчи масжид ичида портловчи мосламани фаоллаштирган.

Шу билан бирга, “Ariana News” телеканалининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, 50 кишининг жасади моргга олиб борилган.

Афғонистоннинг Ахборот ва маданият вазири вазифасини бажарувчи Забиҳулла Мужоҳид портлаш содир бўлганини тасдиқлаган.

“Бугун кундузи Қундуз вилоятида шиа ватандошларимизнинг масжидида портлаш содир бўлди. Оқибатда қурбон ва жабрланганлар бор. Бизнинг махсус отрядимиз ҳодиса жойига етиб борди ва текширув бошлади”, деган у Twitter саҳифасида.

“Толибон”нинг бошқа бир вакили Муҳаммад Жалолга кўра, портлаш “Хуросон ислом давлати” гуруҳи томонидан уюштирилган. Бу вилоят толиблар назоратига ўтганидан кейинги илк теракт бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1053
Рейтинг: 3
Теглар
t
×