Бахтни “свет” ва газ билан ўлчайдиганлардан қарздормиз (фоторепортаж)

Бу қизиқ

image

Ҳали қуёш чиқиб улгурмай сув сепилган ҳовлилар, эндигина тандирдан узилган иссиқ нон, янги соғилган сут ифори... Бир қарашда бу ҳовлида 5-6 та аёл бирваракайига меҳнат қилган, деб ўйлайсиз, аммо янглишасиз. Ҳар бир қишлоқ аёлининг тонги мана шундай “ширин” ташвишлар билан oтади. Нозик қўллар кетмон, ўроқлар зарбидан қабариб кетган. Аммо шундай бўлса-да, у ўз ишидан мамнун, юз-кўзида ҳаётга муҳаббати яққол кўриниб туради. Бу ўша самимий ва соддагина қишлоқ аёли.

Тобора ўсиб бораётган аҳолининг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таьминланишида қишлоқ аёлларининг ўрни беқиёсдир. Жамиятнинг қишлоқ аёлларидан қанчалик қарздорлиги ва уларнинг меҳнати қай даражада қадрли эканини эслатиш мақсадида 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари куни” деб эълон қилинган.

Бутунжаҳон қишлоқ хотин-қизлар кунини ўтказиш ғояси 1995 йилда Пекиндаги БМТ Хотин-қизлар конференциясида таклиф қилинган. Бу кун қишлоқ аёлларининг кўп қиррали ролини жамоатчилик томонидан эътироф этиш ва қўллаб-қувватлашнинг амалий усули сифатида кўрилди. Натижада, Бутунжаҳон қишлоқ аёллари куни ҳар йили 15 октябрда нишонланиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабридаги йиғилишида 15 октябрь “Халқаро қишлоқ аёллари куни” деб расман эълон қилинган. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида мазкур сана “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси сони 35 079 190 кишини ташкил этмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг 17 432 730 нафарини аёллар ва 17 646 460 нафарини эркаклар ташкил қилади. Жами аёлларнинг 8 439 358 нафари қишлоқда яшайди.

QALAMPIR.UZ “Қишлоқ аёллари куни” арафасида Тошкент вилоятининг Пискент тумани Дўстлик маҳалласи Ўсмат қишлоғида бўлди. Бу қишлоқдагиларнинг нафақат дундаги талатўплар, Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ ўзгаришлару Афғонистондаги воқеалардан, балки Ўзбекистонда кутилаётган сайлов билан боғлиқ жараёнлардан ҳам бехабарлиги ҳайратимизни оширди. Уларнинг ўз ташвишлари, ўй-хаёллари, кундалик юмушлари бор. Остонада қиш турибди. Пахтани ёғингарчиликка қолдирмай териб олиш, уйнинг камини тўлдириш, тугалланмай қолган иморатнинг томини ёпиш, болаларга иссиқ кийимлар олиш одамларнинг асосий кун тартибидан ўрин олган. Яна кунлик ош-овқат ғами алоҳида масала. 

Маҳалла аҳлининг айтишича, бу ҳудуддаги деярли ҳамма деҳқончиликдан кун кўради. 1972 йилда туғилган Фариза Раҳматова 20 йил олдин Пискент тумани “Дўстлик” маҳалласига келин бўлиб келган. У ҳам мана 20 йилдирки деҳқончилик билан шуғулланади.

“Аёллар учун эрта тонгдан иш бошланади. Сигир соғиш нон ёпиш, уйларни тозалиги бизнинг гарданимизда. Уй ишларини соат 8:00 гача қилиб бўлиб далага отланамиз. Биласизми, аслида қишлоқ аёлига кўп нарса керак эмас. Биз йўлимиз текис бўлиши, уйимизда чироқ ўчмаслиги ва газ доим ёниб туришидан ҳам бахтли бўла оламиз. Ҳар бир одамни орзуси бўлганидек, менинг ҳам орзуларим жуда кўп. Биринчи навбатда болаларимни ўқитсам, уйли-жойли қилсам, дейман. Яна бир орзум – шаҳар аёлларидек чиройли бўлиб концертларга бориш. Тўғрисини айтиш керак, фермерлар қўлида ишлаймиз, кунига 100-120 минг сўм пул топамиз, лекин топганимиз еб ичиш, ва қишга ғамлашдан ортмайди. Бу ердаги деярли ҳамма аёллар деҳқончилик билан шуғулланади, ўзимизга оро бериш ва бошқа ишларга вақт ҳам, шароит ҳам йўқ. Маҳалламизда кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор қўшниларимиз ҳам кўп. Ишонасизми, маҳаллада тиббиёт пункти у ёқда турсин, яқин орадан дорихона ҳам тополмайсиз”, дейди Фарида Раҳматова.

Қишлоқдаги аёллар билан суҳбатлашар эканмиз, улардан 24 октябрда ўтказилиши кутилаётган муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови ҳақида сўрадик. Лекин, уларнинг бирортаси президентликка номзодларни танимайди. Қишлоқда номзодлар, уларнинг сайловолди дастури ҳақида маълумот берувчи тарқатма материаллар ва плакатлар ҳам кўринмайди. Телевизордан билай деса, вақт йўқ, вақт топилганда, “свет” бўлмайди.

Маълумотларга кўра, қишлоқ аёллари дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади. Улар озиқ-овқат ишлаб чиқаришда, қишлоқлар барқарорлигини ривожлантиришда етакчи роль ўйнайди. Агар дунёдаги энг камбағал одамларнинг 76 фоизи қишлоқда яшаётганлигини ҳисобга олсак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун далада ишловчи деҳқон аёлларнинг бутун дунёда очлик ва қашшоқликни камайтириш йўлидаги хизмати беқиёс эканини англаймиз.

Шунга қарамай, улар кўпинча сифатли тиббий хизмат, таълим ва бошқа кундалик имкониятлардан мосуво бўлиб қолмоқда. Уларнинг жамоат ҳаётига қўшган ҳиссалари кўплаб мамлакатларда етарлича қадрланмаяпти.

Шу сабабли, қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтириш, бутун дунёда қишлоқ хўжалиги ишчилари орасида аёлларнинг борлигини ҳисобга олган ҳолда, нафақат шахслар, оилалар ва қишлоқ жамоалари фаровонлиги учун, балки иқтисодиётнинг умумий самарадорлиги учун ҳам жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамаси 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари куни”ни кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Афсуски, қарор етарлича ижро этилмаганидан бу кун борлиги ҳақида қишлоқ аёлларининг хабари ҳам йўқ. Ҳеч йўқ бир йилда бир маротаба уларга бу ҳақда айтилмайди ва рағбатлантирилмайди. Улар бугун ҳам қўлларида кетмон билан далада жавлон уриб ишламоқда.

Қишлоқ аёллари билан суҳбатлашаркансиз уларнинг самимийлиги эътиборингизни тортмай қолмайди.

Кимдир ҳашаматли уйи йўқлиги, машинаси “иномарка” эмаслиги, ёинки уйида wi-fi ишламаётганидан нолиётган бир вақтда қишлоқ аёллари интернет нималигини билмай яшамоқда. Улардан аёл учун бахт нима деб сўрасангиз “уйимиз томидан сув ўтмаса, қишин-ёзин газ ёниб турса, совуқ кунларда лой кечмай текис йўлларда юрсак, ана шу – бахт”, деб жавоб беради. 

Аёлларга, қишлоқ аёлларига БАХТ беринг! 
 

 

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

қишлоқ аёллар Қишлоқ аёллари Халқаро қишлоқ аёллари куни

Баҳолаганлар

219

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг