Афғонистон “Толибон”нинг 5000 жангарисини озод қилган. Кимнинг босими остида?

Олам

image

2020 йили Афғонистон ҳукумати АҚШ босими остида “Толибон”нинг 5000 жангари маҳбусини, шу жумладан ҳаракатнинг бир қўмондонини ҳам озод қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Американинг “Wall Street Journal” газетаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ўтган йили расмий Қобул томонидан озод қилинган “Толибон” қўмондонларидан бири бугунги кунда ҳаракат томонига ўтиб олиб, Афғонистоннинг Ҳелманд провинцияси маъмурий маркази Лашкаргоҳга ҳужум қилишга раҳбарлик қилмоқда.

“Тинчлик музокаралари доирасида “Толибон” қўмондонларидан бири Мавлавий Толиб ва яна минглаб маҳбуслар озод қилинган. Улар яна ҳаракат тарафида жанг қилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, дастлаб, расмий Қобул маҳбусларни озод қилишни истамаган, бироқ Вашингтон босими остида шундай йўл тутишга мажбур бўлган. Энг қизиғи, озод бўлишдан олдин, маҳбуслар ҳукуматга қарши курашмасликка ваъда берган ва шартномага имзо чеккан. Бироқ, кўпчилик яна қурол олиб, Афғонистон расмий ҳукуматига қарши жанг қилмоқда. Ушбу маълумотни мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фавад Оман тасдиқлаган.

“Бу озод қилинган толиблар Ҳелманд учун жангда асосий ролни ўйнамоқда. Улар ҳаракат сафидаги энг зўравон террорчилардан ҳисобланади”, дейди Оман.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда. 

Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

189

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг