Исроилнинг мухолиф партиялари Нетаньяхуни кетказиш учун иттифоқ тузди
Олам
−
03 Июнь 2021
5145Исроилнинг мухолиф партиялари 12 йилдан бери Ҳукуматни бошқариб келаётган Биньямин Нетаньяхунинг фаолиятини тугатадиган янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш бўйича келишувга эришдилар. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Исроил оммавий ахборот воситаларида аксарият одамлар имконсиз деб ўйлаган битим имзоланаётгани акс этган хабар ва лавҳалар намойиш этилди. Марказчи “Yesh Atid” партиясининг этакчиси Яир Лапид саккиз фракция коалицияси тузилганлигини эълон қилди.
Ротация тартибига кўра, “Ямина” ўнглар партиясининг раҳбари Нафтали Беннет дастлаб Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланади, кейин эса лавозимни Лапидга топширади. Улар Биньямин Нетаньяхуни эгаллаб турган лавозимидан четлатиш мақсадида бирлашган.
Айни шу мақсадда Лапид Президентга ёзган мурожаатида ҳукуматни Нафтали Беннетт билан бирга бошқаришини, у 2023 йил 27 августда Бош вазир ўрнини эгаллаши ҳақида айтган.
Маълумот ўрнида, Биньямин Нетаньяхунинг ўнг қанот “Ликуд” партияси март ойидаги натижасиз сўровномада энг кўп ўринни қўлга киритди. Унга ҳукумат тузиш ишониб топширилди, бироқ у мустаҳкам коалиция шакллантира олмади.
Биньямин Нетаньяху таклиф қилинган янги ҳукуматни "аср фирибгарлиги" деб атади. Бу Исроил давлати ва халқига хавф туғдиришини ва янги Бош вазирга эга янги ҳукумат қасамёд қабул қилгунига қадар, уни тўхтатиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини таъкидлади.
Камола Амирова