Ё ҳаёт, ё мамот: Нетаньяху “Моссад” раҳбарига Эрон бўйича топшириқ берди
Олам
−
01 Июнь 2021
21142Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бугун, 1 июнь куни мамлакат ташқи разведкаси — “Моссад”нинг янги директори Давиду Барнеага муҳим топшириқ берди: “Эрон ядро қуролига эга чиқишига нима қилиб бўлса ҳам йўл қўймаслик”. Бу ҳақда Нетаньяху разведка хизмати бошлиғининг қасамёд қилиш маросимида маълум қилди.
“Агар биз танлашимиз керак бўлса, энди умид қиламанки, бу содир бўлмайди. Лекин буюк дўстимиз АҚШ билан можарога бориш ёки Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган таҳдидни йўқ қилишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, хавфни бартараф қилишни муҳимроқ, деб топамиз. Эрон ядро қуролига эга чиқмаслиги учун сиз ҳар ишга, яъни ҳар қандай ишга тайёр туришингиз керак”, дейди Бош вазир.
Нетаньяху мамлакат “Моссад”нинг янги раҳбарига топшириқ берар экан, Исроилнинг мавжудлигига энг катта рахна солувчи омил ҳақида ҳам гапириб ўтди.
“Биз учун энг катта таҳдид — бу Эрон томонидан мавжудлигимизга таҳдид, унинг ядро қуролига эга чиқишга уринишлари. Улар бизнинг кичик мамлакатимизни ядро қуроли ёрдамида вайрон қилиш билан таҳдид қиладими, бизга ўн минглаб ракеталар билан таҳдид қиладими, фарқи йўқ. Бу сионизм ишининг давом этишига таҳдиддир ва биз унга қарши доимо курашишимиз керак”, дейди у.
Нетаньяху “Моссад” раҳбарига кўрсатма берар экан, АҚШ Президенти Жо Байден билан суҳбатлашгани ва унга ҳам Эроннинг ядро қуролига эга чиқмаслиги учун ҳар нарсага тайёрлиги тўғрисида айтганини эслаб ўтди.
Маълумот учун, нафақат Исроилда, балки Ғарбда ҳам Эрон ядро қуролига эга чиқмоқчи деган хавотир бор.
Бироқ расмий Теҳрон ядро қуроли бўйича юқоридаги иддаоларни доимий равишда рад этиб келмоқда.
Қайд этиш керакки, Эрон уранни 20 фоизга бойитиш жараёнини бошлаган, бу эса, 2015 йилдаги ядровий келишувда белгиланган 4 фоиздан сезиларли даражада кўпдир. Бироқ бу келишувдан 2018 йилда АҚШ, 2020 йилда Эрон чиққан.
Келишувга кўра, Эрон ядро дастурини чеклаши, уранни бойитишни тўхтатиши ва халқаро инспекторларга ядро объектларини текширишга руҳсат бериши керак эди. Булар эвазига расмий Теҳрон иқтисодий санкциялардан озод бўлиши керак эди.
Маълумот учун, 20 фоиздан юқори бойитилган уран қурол даражасида ҳисобланади.
LiveБарчаси