Тошкентдаги миллиардлик фестиваль қандай ўтмоқда?
Жамият
−
21 Май 2021
13819Бугун, 21 май куни Тошкент шаҳрида 5 ташаббус ҳаракати старт олди. Фестивалнинг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.
21 – 25 май кунлари ўтказиладиган фестиваль доирасида маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, вазирлар, депутатлар, тадбиркорлар, дизайнер ва юлдузлар билан учрашувлар бўлиб ўтади.
Тадбир очилишида иштирок этган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент 5 ташаббус ҳаракати ёшлар фестивалига ажратилган пуллар ҳақида маълумот бериб, тадбирга 1 млрд сўм ажратилганини урғулади.
“Бу тадбир 5 кун дейилгани билан, агар ёшларга маъқул келадиган бўлса, муддат узайиши мумкин. Шу боисдан ажратилган маблағлар миқдори ҳам ўсиш эҳтимоли бор. Ҳозирча дастлабки харажатлар бўйича 1 млрд сўм ўтказиб беряпмиз. Бу сумма фестиваль қўшимча танловлар ва тадбирлари эвазига ошиши мумкин”, деди Ортиқхўжаев.
Ҳоким тадбир ҳақида гапирар экан, иш бор жойда камчилик бўлиши, ОАВ ходимлари бу вазиятда ташкилотчиларни қўллаб-қувватлаб, камчиликлар ҳақида ходимларга қўнғироқ қилиб айтишини илтимос қилди. Бу йилги камчиликлардан хулоса чиқариб кейин йил хатосиз тадбир ташкиллаштириш мумкинлигини таъкидлади.
“Ҳурматли ОAВ вакиллари ва блогерлар! Бу байрамга биз жуда катта тайёргарчилик қилдик. Aйрим ходимларимиз 24 соатлаб меҳнат қилишди. Ёшларимизга шундай бир тўёна, ёшларимиз учун катта байрам, тўйдек қилиб ўтказишимиз керак. Илтимос қиламан, қаердадир қандайдир камчиликларимиз бўлса, тўйимиз тўйдек ўтcин, байрам байрамдек ўтcин.
“Toshkent 21” ботимиз бор, камчиликларни ўзимизга айтсангиз, муаммоларни тўғрилаб қўямиз. Aгар, ОAВ вакиллари ва блогерлар, ёшларни бизчалик севсангиз, камчиликларимизни сайтингиз орқали айлантиришингиз шарт эмас. Телефон қилиб, ёки ботимизга айтиб қўйсангиз, тўғрилаб қўямиз. Тўйимизни бузманглар. 24 соат тўй тўйдек бўлсин! Бизда кейинги гал ҳам байрам ўтказишга иштиёқимиз бўлсин. Байрамни шунча қилиб, танқидлар бўлаверса, кейин ўтказмаймиз, деб қўлимизни ерга туширишни хоҳламаймиз”, деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Фестивалда “Заковат” интеллектуал ўйини турнири, фаол, замонавий ва мақсад сари интиладиган қизлар учун Aёллар нетворкинги ҳафталиги ўтказилади. Унда жамоалар 4 йўналиш: илм-фан ва технологиялар (СТЕМ), бизнес, ижтимоий соҳа ва арт бўйича лойиҳаларни тақдим этишади. Бир вақтнинг ўзида ўқув тренинглари, спикерлар чиқишлари ва бошқалар ҳам бўлиб ўтади.
Фестивалда Tashkent Dance Fest ва Tashkent Voice Fest рақс ҳамда вокал танловлари ҳам бўлиб ўтади. Ташриф буюрган ёшлар, истеъдодли йигит-қизлар совринли ўринлар учун мусобақалашади. Фестивалга бевосита бош қўшган Маданият вазири Озодбек Назарбеков истеъдодли ёшларга имконият ва шароит яратиб берилиши ҳақида айтиб ўтди.
“Маданият вазирлиги бош қўшмайдиган маданий тадбир бўлмайди. Республикамизнинг қайси бурчагида маданий тадбир бўладиган бўлса, у ерда Маданият вазирлигининг иштироки бор. Бу тадбирни ҳам катта маданий тадбир деб, айта оламиз. Фестивалнинг мусиқий қисмининг ҳаммаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жуда кўп санъаткорлар жалб этилган. Тадбир неча кун давом этадиган бўлса, халқимизнинг энг севган санъаткорлари келиб хизмат қилишади.
Ушбу тадбир доирасида Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган ёшлар ҳамда бошқа иштирокчилар учун совғалар ажратилган. Ҳар бир истеъдодли ёш учун рағбат дегани бу эътироф дегани. Ҳар қандай истеъдод эгаси эътирофни истайди. Бу эса унинг эртанги куни учун қайсидир маънода ишонч бағишлайди. Ўзига ишончини орттиради. Рағбатсиз манфаатга эришиш мумкин эмас”, дейди вазир Назарбеков.
LiveБарчаси