Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлардаги йўқотишларини очиқлади

Олам 4833
image

Озарбайжон ўтган йил 27 сентябрдан 10 ноябргача Тоғли Қорабоғда давом этган қуролли ҳаракатлари давомидаги йўқотишлари тўғрисида сўнгги маълумотларни эълон қилди.

Мудофаа вазирлиги эълон қилган маълумотларда қуролли ҳаракатлар давомида 2895 нафар ҳарбий вафот этгани айтилган. Бунгача 2881 аскарнинг қурбон бўлгани айтилганди.

“Яна 19 нафар ҳарбий бедарак йўқолган деб ҳисобланяпти. Уларни топиш учун керакли чоралар кўриляпти”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида фаол қуролли тўқнашувлардан бошланганда расмий Тошкент ҳолатга муносабат билдириб, томонларни муросага чақирганди. Ушбу масалани ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида ҳал этилиши кераклигини айтганди. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 2.9
t
×