Судьялар қачон ОAВ билан ишлашни ўрганади? Хоним Хайруллаевага очиқ хат!

Жамият

Хабарингиз бор жорий йилнинг 17 февраль куни QALAMPIR.UZ сайтида “INSOFT INVEST” МЖЧʼнинг инсофи борми? Aҳоли ноқонуний қурилишдан норози” номли мақола эьлон қилинганди.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ҳеч қандай рухсатсиз, тасдиқланмаган лойиҳа асосида “Askiya City” номини олган кўп қаватли турар жой мажмуаси қуриляпти. Ушбу лойиҳа “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Яккасарой туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Музаффар Усмонов QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида 2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “INSOFT INVEST” МЧЖга ободонлаштириш ишлари олиб борилиши учун қарор чиқарилгани, компанияга бир неча бор туман ҳокимияти томонидан огоҳлантириш берилганига қарамай, қурилиш ишлари тўхтатилмагани ҳақида айтганди. Оқибатда ушбу ҳолат юзасидан Яккасарой тумани иқтисодий судига уч маротаба даъво аризаси киритилган. Суднинг биринчи ажримида суд қурилишни тўхтатишга ваколати йўқ экани айтилган, иккинчи маротаба эса квадрат метрлари аниқ киритилиши кераклигини қайд этилиб, қайтаришган. Шундан сўнг, суд томонидан камчилиги бор деб айтилган барча ҳужжатлар тўпланиб, судга қайта юборилган.

Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент туманлараро Иқтисодий судида судья Дилбар Хайруллаева раислигида иш кўрилиши бошланганди. 

Кеча, 26 март куни эса раислик этувчи Хайруллаева воқеа жойига чиқиб, сайёр суд ўтказди. QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова суд мажлисида иштирок этди ва томонлар розилиги билан видеотасвирга олиш учун рухсат сўради. 

Aйнан шу иш юзасидан бир нечта суд мажлисидан буён фақат овоз ёзишга рухсат бераётган судья Дилбар Хайруллаева сайёр суд мажлисида ҳам ҳар икки томон розилик беришига қарамай, видео ва фотокамерадан фойдаланишни тақиқлади. Сабабини сўраганимизда эса "суд шуни лозим кўрди", дейиш билан чеклана қолди. Бу қарор юзасидан асосли сабаблар келтирилмади.

Мухбиримиз бугун судья Хайруллаевага фуқаролар томонидан келган мурожаат сайтимизда эьлон қилингани ва келгуси жараён ҳам ёритилиши кераклигини айтиб, ундан томонлар рози бўлгани ҳолда суд томонидан, очиқ суд мажлисида қатнашиш ва видеотасвирга олишга нима сабабдан рухсат берилмагани юзасидан ажрим беришларини сўради.

Сайёр суд мажлисида судья рухсатсиз қурилаётган бинолар билан танишди. Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмаси вакили бинолар қурилаётган майдондаги ҳолатни тушунтириб, қурилиш ишлари ноқонуний олиб борилаётганини, бундай ҳолатда қурилиш қилиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Шу ўринда суд мажлисларида ОАВнинг иштирок этиши ҳамда унда видео ва фототасвирга олиш бўйича қонунчиликда нима дейилгани ҳақида сўз юритсак.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2020 йил 21 февраль куни “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 04-сонли қарори тасдиқланган бўлиб, “суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтилган. 

Иш муҳокамаси тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида ўтказилишига фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра йўл қўйилади (Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддаси иккинчи қисми, Жиноят процессуал кодекси 19-моддаси биринчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи қисмлари, Иқтисодий процессуал кодекси 11-моддаси иккинчи қисми, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 13-моддаси иккинчи қисми).

Агарда иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқарса, унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши керак.

Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

•    фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
•    жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;

Очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:

•    фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
•    жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида - суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин. 

Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.

Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.

Хўш, юқоридаги талаблар судьялар қанчалик бажаряпти. Қонун ҳимоячиларининг ўзи қанчалик қонунни писанд қиляпти? Агар масалага “Askiya City” ва мазкур ишнинг "кайвонаси" бўлиб турган судья Дилбар Хайруллаева мисолида қарасак, анчайин саволлар ортида қоламиз. Хоним Хайруллаева, сизга ҳам юзма-юз, ҳам ОАВ орқали мурожаат қиламиз: тарафлар рози бўлса ҳам журналистларнинг суд ишида эмин-эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилишдан мақсадингиз не? Жавобни истасангиз юзма-юз, истасангиз хат орқали беришингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Суд Askiya City оммавий ахборот воситалари вакиллари Очиқ суд Яккасарой туман ҳокимлиги

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг