Самарқандда 4 йигит қариндошига бирга бўлишни таклиф қилган эркакни ўлдириб, жасадни каналга улоқтирди
Жамият
−
09 Март 2021
97352Самарқанд вилояти Пахтачи туманида тўрт йигит қариндош аёлига телефон қилиб, севги изҳор қилган эркакни калтаклаб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур туманда яшовчи Ф.М.га (исм-шариф ўзгартирилган) нотаниш эркак телефон қилиб, уни ёқтириб қолганини ва у билан учрашиш ниятида эканини айтган. Бундан ғазабланган аёл бўлган воқеани қайнукасига айтиб берган.
Кечқурун аёлнинг 3 нафар қайнукаси ва укаси йиғилиб, қўшни қишлоқда яшовчи эркакни жазолашни режа қилади. Улар Ф.М.га эркакка телефон қилиб, эски боғча биносига учрашув белгилашни айтади ва учрашувга бориб, уни дўппосламоқчи бўлади.
Эркак учрашув жойига етиб борганда 4 йигит уни белкурак дастаси билан калтаклайди. Ерга йиқилган эркакни йигитлардан бири аёллар рўмоли билан бўғиб ўлдиради. Эркакнинг ўлиб қолганини билган йигитлар унинг жасадини Нарпай каналига оқизиб юборади.
Тез фурсатда йигитлар қилган жиноят фош этилди. Эркакни ўлдирган йигитлар тергов ва суд жараёнида айбини тўлиқ тан олди.
Суд уларни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «п» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш) ва 267-моддаси 2-қисми “б” бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасини олиб қочиш) назарда тутилган жиноятларни қасддан содир этганликда айбдор деб топди.
Таъкидланишича, судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг жиноий қилмишни содир этишдаги иштирокчилик даражаси ҳисобга олинган. Суд ҳукмига асосан, Ф.М.нинг укаси ўн саккиз йил олти ой, уч қайнука эса ўн олти йил, ўн беш йил уч ой ҳамда ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь