Le Moci: “Ўзбекистон – француз компаниялари учун янги Элдорадо”

Олам

image

Дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бири Франция компаниялари келгуси йиллард Ўзбекистонда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги савдоси, энергетика, сув хўжалиги, минерал ресурслар разведкаси каби муҳим соҳаларга кириб боради. Франциянинг “Le Moci” нашри Ўзбекистон триклор (Франциянинг норасмий номи) компаниялари Марказий Осиё мамлакати иқтисодининг қайси соҳаларига кириб бориши ҳақида мақола эълон қилди.

Мақолада ёзилишича, 2019 йилдан бери триклор компанияларининг катта гуруҳлари 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиёти хорижий инвестициялар учун очиқлигидан фойдаланиб, давлат ташкилотлари ва компаниялари билан маслаҳатлашув ва экспертиза шартномаларини тузмоқдалар.

Хусусан, ўтган йили Тошкентда илк дўконини очган Carrefour январь ойида яна иккита супермаркетини ишга туширяпти. Бу Ўзбекистонга ва умуман Марказий Осиёга йирик халқаро дўконлар тармоғининг кириши демакдир.

Француз бренди 2022 йилгача Тошкентда бешта супермаркет ва иккита гипермаркет очишни режалаштирган. Натижада 2500 тўғридан тўғри иш ўрни очилади. Яна 600 га яқин етказиб берувчи ишга туширилади.

Франциянинг Rungis Semmaris компанияси эса Ўзбекистонда агрологистика инфратузилмасини ривожлантиради. Компания ўтган йилнинг 9 декабрида Ўзбекистон ва Франция Қишлоқ хўжалиги вазирлари билан масофавий тарзда Тошкент, Самарқанд ва Андижонда улгуржи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорини ташкил қилиш бўйича келишув имзолаган.

“Биз 2-3 йил ичида 15 миллион евролик шартнома асосида мамлакат бўйлаб 8 та агротехника марказини, шу жумладан учта улгуржи бозорни ривожлантириш учун эксклюзив ва стратегик ёрдам ва тажрибани тақдим этамиз. Қайсидир маънода биз ушбу лойиҳани бошқаришда Ўзбекистон ҳукуматига маслаҳат ва ёрдам берамиз”, деган Semmaris президенти Стефан Лаяни.

Ушбу агрологистика инфратузилмалари тармоғи йилига 3 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган. Бу ҳануз норасмий бозорлар томонидан банд бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторини тузишда ёрдам бериши керак.

Мақолада 2016 йил охирида Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан Марказий Осиёнинг аҳолиси энг мамлакат иқтисодиётида протекционистик ва советча сарқитлардан қутилишга ҳаракат бошлангани қайд этилган.

Таъкидланишича, Президент Мирзиёев миллий иқтисодиётнинг бутун соҳаларини хусусийлаштириш орқали уни хорижий инвестиция ва капитал учун очди ҳамда қайта жонлантирди. Шу орқали кутилмаганда барча эътибор Ўзбекистонга қаратилди.

“Ривожланаётган мамлакатдаги барча хорижий компаниялар, хитой, рус, турк, немис, итальян ва бошқаларга нисбатан француз компаниялари узоқ муддатли лойиҳаларда маслаҳат ва экспертиза ўтказишда устунликка эга”, дейди Франция-Ўзбекистон бизнес клуби котибияти маслаҳатчиси Пьер Дирриг.

Шунингдек, 2020 йилда Suez француз компанияси Тошкент шаҳрининг сув таъминоти ва дренаж тизимини янгилаш бўйича пойтахт ҳокимлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан 7 йил муддатга 142 млн евролик битим тузган.

Мазкур компания сув ресурслари бўйича янги авлод менежерлари ва мутахассиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Uzbekistan Water Academy”ни ташкил этиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, 2019 йилнинг сентябрида Total Eren компанияси электр энергияси хариди ва илк қуёш электр станциясини ишга тушириш бўйича Ўзбекистон билан 25 йиллик шартнома тузган. 100 МВт қувватга эга станция Самарқанд вилоятида қурилиб, 150 минг аҳолини энергия билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, Франциянинг Assystem компанияси ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги энергия тизими бошқаруви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қўшма корхона очилишини эълон қилди.

Assystem компанияси мамлакатда янги энергия балансни жорий қилишга имкон берадиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда мувофиқлаштиришда ва бошқаришда ёрдам бериши керак.

Бундан ташқари, 2019 йилда Orano компанияси Ўзбекистонда тоғ-кон қидирув ишлари ва уран қазиб олишни ривожлантириш мақсадида Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан ҳамкорлик битими имзолаган. Унга мувофиқ, 51 фоизи Orano компаниясига, 49 фоизи Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига тегишли бўлган қўшма корхона тузилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Orex Loisirs, Campagnie des Alpes, Geode ва Egis француз компаниялари консорциуми “Билдирсой–Чимён–Нанай” лойиҳасини амалга оширмоқда.

“Келажакда француз компанияларига қишлоқ хўжалиги, энергетика, фойдали қазилмалар, чакана савдо ва бутун туристик инфратузилма каби истиқболли соҳаларда ўз билим ва малакасини беришда камчиликлар бўлмайди”, дейилади мақола сўнгида.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Франция

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг