Ҳусийлар янглишиб Россия нефть танкерига ҳужум қилди –“Reuters”

Олам

image

Ямандаги ҳусийлар янглишиб, Панама байроғи остида Россия нефтини олиб кетаётган танкерни нишонга олди. Бу ҳақда Британиянинг Ambrey хавфсизлик компаниясига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Унга кўра, кема оммавий маълумотлар базасидан Буюк Британия билан боғланган танкерлар рўйхатига таянган, бироқ бу маълумотлар аллақачон эскирганини билмаган.

Буюк Британия денгиз савдоси ахборот маркази Яманнинг Аден портидан 90 денгиз мили жануби-шарқида жойлашган танкердан тахминан 500 метр узоқликда ракета қулагани ҳақида хабар олганини маълум қилди. Марказ баёнотига кўра,  қурбонлар йўқ.

“Бу ҳусийлар томонидан янглишиб нишонга олинган Россия нефтини олиб кетаётган иккинчи танкер эди”, дейилади Ambrey баёнотида. 

Бироқ, компания биринчи воқеа тафсилотларини очиқламаган.

АҚШ Қўшма штаби директори генерал-лейтенант Дуглас Симс ҳусийларнинг Қизил денгиз томон кемаларга қарши отган баллистик ракетаси ҳеч қандай кемага тегмаганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 60 та объектга, жумладан радарлар, ҳаво мудофаа тизимлари, омборлар, дрон ва ракеталарни учириш жойларига ҳужум қилганди. Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳужуми оқибатида беш аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.

Британия ва Америка расмийларининг айтишича, бу ҳужум 2023 йил декабрь ойидан бери тез-тез учраган Қизил денгиздаги халқаро кемаларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлган.
АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ҳам  ҳусий позицияларига зарбалари ўзини ҳимоя қилиш учун қилинган, чекланган ва мутаносиб ҳаракат эканини таъкидлади.

Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.

Россиянинг талаби билан АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямандаги ҳусийларга тегишли объектларга ҳужуми юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши чақирилди. Бироқ унда ҳусийларга зарбалар бериш қонуний эканини таъкидланди.

Бугун, 13 январь куни маҳаллий вақт билан 3:45 да Америка қўшинлари Ямандаги ҳусийларнинг радиолокацион станциясига ҳужум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия нефть Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг