Ҳусийлар Қизил денгизда иккита нефть танкерига ҳужум қилди

Олам

image

Яман ҳусийлари кеча, 2 сентябрь куни Қизил денгизда иккита нефть танкерига ҳужум қилди. Бу ҳақда АҚШ ҳарбийлари баёнот берди

АҚШ ҳужумларни “террорчилик ҳаракати” деб атади. Саудия Арабистони байроғи остида сузаётган Amjad танкери ва Панама байроғи остида сузиб келаётган Blue Dragon I танкерига ҳужум уюштирилди.

“Ҳусийлар 2 сентябрь куни кечқурун Blue Lagoon’да содир этилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, бироқ Саудия танкери ҳақида ҳеч нарса айтмади”, дея хабар беради “Reuters”.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, ҳусийлар танкерларга иккита баллистик ракета ва камикадзе дрони билан ҳужум қилиб, иккала кемани ҳам урган. Қўмондонлик баёнотига кўра, Amjad икки миллион баррелга яқин нефть олиб юрган.

“Reuters”нинг икки манбаси агентликка танкерлар тўқнашув вақтида яқин атрофда саёҳат қилгани, аммо жиддий зарар кўрмасдан сузиб кетишни давом эттиришга муваффақ бўлганини айтди. Шу билан бирга, агентлик манбаларидан бири Amjad зарбанинг бевосита нишони эканлигига шубҳа қилди.

Марказий қўмондонлик алоҳида баёнотда АҚШ ҳарбийлари Яманнинг ҳусийлар назорати остидаги ҳудудида иккита ракета тизимини муваффақиятли йўқ қилганини айтди. Баёнотда таъкидланишича, ушбу тизимлар АҚШ ва коалиция кучлари, шунингдек, минтақадаги савдо кемалари учун “тезкор хавф туғдиради”.


Мақола муаллифи

Теглар

Яман ҳусийлар нефть танкери

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made