Ҳусийлар Америка ҳарбий кемаси томон ракета учирди
Олам
−
15 Январь
9022Кеча, 14 январь куни Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудуддан АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари эсминецига қарата қанотли ракета учирилди. АҚШ қирувчи самолёти уни уриб туширди. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди.
“14 январь куни тахминан соат 16.45 да (Яман пойтахти Сана вақти билан) Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусий ҳудудларидан Қизил денгиз жанубида ҳаракатланаётган USS Laboon (DDG58) эсминецига кемага қарши қанотли ракета учирилди. Ракета Ходейда қирғоқлари яқинида уриб туширилди”, дейилади CENTCOM хабарида.
Вайронагарчилик ва жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 12 январга ўтар кечаси Қўшма Штатлар ва Буюк Британия Нидерландия, Канада, Австралия ва Баҳрайн кўмагида Ямандаги ҳусий нишонларига йирик зарбалар берганди. Пентагон радар қурилмалари, омборлар ҳамда учувчисиз самолётлар ва ракеталар учун учириш майдончалари, шунингдек, ҳусий қўмондонлик марказлари нишонга олинганини маълум қилди.
Бир кун ўтиб, Ямандаги ҳусий позициялари АҚШнинг янги ҳужуми нишонига айланди. Пентагоннинг аниқлик киритишича, нишон ҳусийлар томонидан фойдаланилган радар қурилмаси бўлган. Зарба Tomohаwк қанотли ракеталари томонидан амалга оширилган. Пентагон бу сафар ҳусийларнинг денгиз кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини камайтиришни мақсад қилганини билдирган.
АҚШ Президенти Жо Байден агар ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатмаса, яна зарбалар беришни буюриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.
LiveБарчаси