Ҳукуматдаги икки амалдор ишдан олингани расман тасдиқланди
Жамият
−
05 Ноябрь 2021
11183Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, ҳукумат қарори билан Бош вазир маслаҳатчиси − IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров лавозимидан озод қилинди.
Ушбу икки амалдор Ўзбекистонда Мой Мир, Одноклассники, Youtube, Facebook, Telegram, Instagram ва Linkedn каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан истеъфога чиқарилди.
Шуҳрат Содиқов бунгача Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори вазифасида ишлаган. Шунингдек, 2010 йилдан 2017 йилгача эса Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаментига мудирлик қилган.
Олимжон Умаров 2017-2020 йилларда АКТ вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил майида Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Содиқов ва Олимжон Умаров истеъфога чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси