Ҳозир тўп АҚШ майдонида – Аббос Ароқчи

Олам

image

Эрон АҚШ билан воситачилар орқали музокаралар олиб боришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотни сахий таклиф деб ҳисоблайди ва Вашингтон Теҳрон ташаббусига ижобий муносабат билдиришини кутади. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Эрон музокарачилар бўлган тақдирдагина, келишув столига ўтиради. 

“Музокаралар учун масъулият Ташқи ишлар вазирлиги зиммасида бўлади. Тўғридан тўғри музокаралар таклифи биз учун бир неча бор тилга олингани учун номақбулдир, аммо биз Уммон орқали билвосита музокараларга тайёрмиз”, деган Ароқчи. 

Шунингдек, у ҳозир навбат АҚШ томондалигини ва мамлакат музокаралар ҳақида аниқ баёнот бермаганини таъкидлаган. 

“Ҳозир тўп Ислом Республикасининг таклифига жавоб бериш учун АҚШ томонида, гарчи биз шошилмасак ҳам. Музокарачиларнинг исмлари тўғрисида айтилаётган тахминларнинг ҳеч бири тўғри эмас, лекин шубҳасиз, мумкин бўлган музокаралар учун масъулият Ташқи ишлар вазирлиги зиммасида бўлади ва уларни Ташқи ишлар вазири бошқаради”, деган у ўз нутқида. 

Маълумот учун, 2015 йил июль ойида Эрон ва Буюк Британия, АҚШ, Россия, Франция, Хитой ва Германияни ўз ичига олган бир гуруҳ давлатлар ўртасида Венада Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси имзоланган. Ҳужжат томонларнинг қоидалари ва мажбуриятларини назарда тутган. Хусусан, Эрон 15 йил давомида уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитмаслик ва бойитилган уран захирасини 300 кг дан оширмаслик мажбуриятини олган. Шунингдек, Теҳрон қўшимча оғир сув реакторлари қурмасликка, 130 тоннадан ортиқ оғир сув тўпламасликка ва ядровий турдаги портловчи қурилмаларни ишлаб чиқмасликка ваъда берган. Аммо 2018 йилда Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддати пайтида Қўшма Штатлар музокаралар кенгашидан чиққан. Бунга жавобан Эрон ўзининг технологик салоҳияти ва юқори даражада бойитилган уран захираларини сезиларли даражада оширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп “Fox Business” телеканалига берган интервьюсида Хоманаийга Эрон ядро дастури бўйича музокаралар ўтказиш таклифи билан мактуб йўллаганини айтган эди. Кейинчалик  Оятуллоҳ Али Хоманаий Эрон расмийлари билан учрашувда Эрон Ислом Республикаси АҚШ билан музокаралар олиб бормаслиги, чунки Вашингтонни фақат ўз манфаатлари қизиқтириши ҳақида гапирганди. Қолаверса, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ кучли босим қилаётган пайтда ядровий келишув бўйича музокаралар ўтказишдан бош тортганди. Шундан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядро қуроли бўйича келишувга эришмаса, мисли кўрилмаган бомбардимонларга дуч келиши муқаррарлигини айтиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг