“Нима хоҳласанг, шуни қил”. Пезешкиён Трампга жавоб қайтарди (видео)
Олам
−
12 Март
12030Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ кучли босим қилаётган пайтда ядровий келишув бўйича музокаралар ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда у кеча, 11 март куни Теҳрондаги тадбирда қилган чиқишида сўз очди.
“Уларнинг (АҚШ) буйруқ бериб, таҳдид қилиши биз учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Мен ҳатто сиз билан ҳам музокара қилмайман. Хоҳлаган нарсангизни қилинг.
Баъзи тажовузкор ҳукуматлар — мен айрим хорижий шахслар ва етакчиларни тавсифлаш учун “тажовузкор” сўзидан кўра мосроғини билмайман — музокараларни зўр бериб талаб қилмоқда. Уларнинг музокаралардан мақсади муаммоларни ҳал қилиш эмас, балки ҳукмронлик ўрнатиш”, дейди Пезешкиён.
Унинг айтишича, АҚШ музокараларни баҳона қилиб Эроннинг ядро дастуридан ташқари ҳарбий салоҳияти ва минтақадаги таъсирини ҳам чеклашга ҳаракат қилмоқда. Теҳрон эса “максимал босим” остида ҳеч қандай мулоқот бўлмаслигини таъкидлаган.
Бироқ таъкидлаш жоиз, Пезешкиён мамлакатнинг ташқи сиёсатини белгиловчи асосий шахс эмас — бу борада сўнгги қарорни Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Хоманаийга мактуб йўллаб, Эронни ядро дастури бўйича янги музокараларни бошлашга чақирганди. АҚШ Президенти, шу билан бирга, Теҳронга таҳдид қилиб, агар музокарадан бош тортилса, ҳарбий чора кўрилиши мумкинлигини айтган. Бунга жавобан Хоманаий Оқ уйнинг босим сиёсатини танқид қилганди.
LiveБарчаси