Ҳомиладорликда эмланган аёллардан ғайриоддий болалар туғилаётгани ростми?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳомиладорлик вақтида коронавирусга қарши эмланган аёллардан мутант болалар туғилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Унда чақалоқларнинг думлари, юнглари, 3-4 та қўл ва оёғи борлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, Moderna ва Pfizer/BioNTech билан эмланган оналардан туғилган мутант болалар ҳақидаги хабарлар дастлаб Туркия фаровонлик партияси раиси Фотиҳ Эрбакан томонидан тарқатилган. 

У телевидениедаги чиқишида Moderna вакцинаси одамларнинг ДНКсини ўзгартиришини, шунингдек бу мутант болалар туғилишига сабаб бўлишини айтган. Қолаверса у, ғайриоддий чақалоқларнинг расмларини ҳам кўрсатган. 

Ўзбекистонда сохта ахборотларга раддиялар эълон қилинувчи саҳифада ушбу фотосуратларнинг ҳеч бири вакцина ҳамда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ эмаслиги маълум қилинди. Унга кўра, тарқалган видеода биринчи бўлиб кўрсатилган думли чақалоқ расми 2009 йилда фотосуратчи Саймон Стоун томонидан яратилган.

Иккинчи кўрсатилган юнг билан қопланган боланинг сурати ҳам вакцина билан боғлиқ эмас. Фотосуратда тасвирланган бола гипертрикоз ёки бўри синдроми билан туғилган. Ушбу касалликка 2019 йилда Испанияда бирданига 16 нафар бола чалинган. Кейинчалик маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси соч тўкилишига қарши дориларни қабул қилишган.

Эрбакан кўрсатган учинчи фотосуратда 2016 йилда Ҳиндистонда туғилган сиам эгизаклари тасвирланган. Эгизак ўғил ва қизнинг тана аъзоларининг кўпи умумий бўлиб, бор-йўғи бир жуфт бир-бирига ёпишган оёқлари бўлган.

“Шундай қилиб, Эрбакан кўрсатган фотосуратларнинг COVID-19 пандемиясидан олдин олинган ва вакцинага ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, коронавирусга қарши эмланиш ДНКни ўзгартириши мумкин деган назария ёлғон бўлиб, илмий далилларга зид ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

вакцина мутант

Баҳолаганлар

1968

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг