Ҳокимликлар ходимлари шахсий автомобилида куннинг исталган пайтида ҳаракатланиши мумкинми?

Жамият

image

Ҳокимият ходимлари куннинг рухсат берилган вақтидан бошқа пайтларда шахсий автротранспорт воситаларида ҳаракатланиши мумкин эмас. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот котиби Севара Ўринбоева АОКАдаги брифингда маълум қилди.

Вазирлик вакили аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарди. Хусусан, шаҳар ёки туман ҳокимликлари ходимлари шахсий автомашиналарида белгиланган вақтлардан ташқари, куннинг исталган пайтида ҳаракатланиши мумкинми, деган саволга ҳам жавоб берди.

“Республика ҳудудида карантин эълон қилингани сабабли, фуқаролар ўзининг шахсий автотранспорт воситаларида куннинг белгиланган вақтидагина махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши мумкин.

Қолган вақтларда эса Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхатида белгиланган асослар бўйича автотранспорт воситасида ҳаракатланиш мумкин.

Махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларининг фақат хизмат автотранспорт воситалари келтирилган.  Лекин сиз айтганингиздек, ҳокимият ходимларининг шахсий автротранспорт воситалари ушбу рўйхатда келтирилмаган”, деди Ўринбоева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно) тақиқланган.

Транспорт воситалари соат 7:00-10:00 ва 17:00-20:00 оралиғида ҳаракатланиши мумкин. Бу чеклов стикери бор ва айрим тоифадаги автомобилларга тааллуқли эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг