Ҳокимлик қарорлари ортидан бошланган машмаша. Олтиариқда Президент қарори ижро этилмайдими?
Таҳлил
−
11 Декабрь 2019
7137Яқинда QALAMPIR.UZ сайтига Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан тадбиркор Мирзомаҳмуд Боймирзаев мурожаат қилганди. Тадбиркор бир муддат аввал миллиардлаб кредит олиб, туманда мактабгача таълим муассасаси қуришни бошлаган. Барча ҳужжатлари мавжуд. Бироқ ҳозирда туман ҳокими туфайли муассаса қурилиши охиригача етмай қолмоқда.
Ёдингизда бўлса, 2017 йил 9 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Жойларда шу асосда кам фоизли кредит ажратилиб, замонавий кўринишга эга мактабгача таълим муассасалари қурилиши бошланганди. Олтиариқлик тадбиркор ҳам президент қарорини бажарай деб туман ҳокимлигига ер ажратилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унга қарашли “OLTIARIQ SPORT SERVIS” МЧЖга Эскиараб кўчасидаги 66-уйда жойлашган, фойдаланилмай турган собиқ маъмурий бино ва қурилиши тугалланмаган ўйингоҳ ҳудуди қарор асосида ажратилган.
Мазкур биноларни реконструкция қилиш йўли билан мактабгача таълим муассасаси ва спорт соғломлаштириш мажмуасига мослаштиришга ҳамда қўшимча ошхона, сузиш ҳавзаси, теннис майдони, сунъий қопламали футбол майдончаси, болалар майдончаси, енгил типдаги таомхона бинолари қуришга рухсат бериш тўғисида туман ҳокими Холмирза Ниёзовнинг қарори ҳам чиққан. Кейинчалик барча ҳужжатлаштириш ишлари тугагач, қурилиш ва таъмирлаш ишларига рухсат берувчи қарор ҳам қабул қилинган.
Жамиятга жами 49318,68 кв метр бўлган ер майдони ажратилган. Тадбиркор қурилиш ишларини бошлаган. Лекин ўша биноларнинг орқа қисмида анчадан бери деҳқончилик ва бошқа фаолият билан шуғулланаётган, баъзиларининг айтишича, ўша ерда истиқомат қилиб келаётган фуқаролар жанжал кўтаришни бошлашган. Улар ерга даъво билан чиқишган. Кейин туман ҳокими “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармони асосида ўша фуқароларга ерга эгалик ҳуқуқини берувчи қарорлар чиқариб берган.
Шундан сўнг Мирзомаҳмуд Боймирзаев прокуратурага мурожаат қилган. Прокуратура протести киритилганидан кейин етарли асослар кўрсатилиб туман ҳокимининг қарорлари бекор қилинган. Ҳолатдан фуқаролар қаттиқ дарғазаб бўлишган. Ижтимоий тармоқларда томонларнинг мурожаатлари акс этган видеолар тарқалиши кўпайган. Орада бир неча бор судлар ҳам бўлиб ўтган. Ҳозир ҳам судлар давом этмоқда.
Туман ҳокимлиги билан боғланганимизда бу ҳолатга тез орада барҳам берилишини билдиришганди. Лекин бир неча ой ўтганига қарамай, ҳокимлик томонидан муаммога ечим берилмай келинмоқда.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳозирда суд жараёни тугамасдан туриб, унинг мулки жойлашган ҳудуддан ўша ердаги аҳоли учун йўлак ўтказилган. Фуқаролар ва тадбиркор ўртасидаги жанжал эса тобора катталашмоқда. Икки томон судма-суд сарсон бўлмоқда.
Вазиятни кузата туриб бизда бир нечта саволлар пайдо бўлди: нега барча ҳужжатлари бўлса ҳам жамиятга қарашли ерлар фуқароларга бериб юборилди? Нега мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида Президент фармони талабларига риоя қилинмади? Нега ҳокимлик қилган хатога тадбиркор ва фуқаролар жабр кўриши керак? Муаммо қачон ижобий ҳал этилади? Ёки Олтиариқ туман ҳокимлиги ҳам бошқа жойларда юз берганидек катта фалокат юз беришини кутмоқдами? Айни вақтда даромад олишни бошлаши керак бўлган тадбиркор нега ҳануз судларда югуртирилмоқда?
QALAMPIR.UZ таҳририяти ҳозирча воқеалар ривожини кузатади.
LiveБарчаси