Ҳокимлар яна бир ваколатидан мосуво қилиняпти

Жамият

image

Ва ниҳоят Ўзбекистон қонунчилигига вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас деган норма киритилмоқда. Бу ҳақда айни вақтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўшма йиғилишида маълум қилинди.

Аввалроқ депутатлар томонидан аввалги муҳокамаларда Конституциявий қонун лойиҳасидан ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилишини назарда тутувчи қоида чиқариб ташланган эди.

Бироқ, жамоатчилик томонидан берилган таклифларда бундай ўзгаришнинг ўзи етарли эмаслиги, яъни ҳокимлар халқ депутатлари Кенгашларида раҳбар бўла олмаслиги аниқ кўрсатилиши кераклиги билдирилган.

Шунга мувофиқ, депутатлар таклифи билан “ҳоким лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас” деган қатъий норма ўрнатилмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда Халқ депутатлари  Бухоро вилоят Кенгаши раиси вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳисобланади. Қолаверса, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши раиси ҳам вилоят ҳокими Эргаш Солиевдир.

Эслатиб ўтамиз, собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир вақтнинг ўзида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг раиси сифатида ҳам фаолият юритган эди. У ҳокимлик лавозимидан кетганидан сўнг кўп ўтмай Кенгаш раислигини ҳам тарк этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳокимлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг