Ҳокимлар томонидан ноқонуний ер ажратиш йилдан-йилга ортмоқда – Олий суд
Жамият
−
29 Январь 2022
5945Сўнгги вақтларда ўқитувчи ёки шифокорлар 500 минг ёки 5 млн сўм пора билан қўлга тушаётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Афсуски, янги Ўзбекистонда “снос”лар ва ҳокимбуваларнинг ноқонуний ер ажратиш ҳолатлари ҳам авж олгани айни ҳақиқат. Хўш, 2021 йилда қанча ҳоким ноқонуний ер ажратгани учун жавобгарликка тортилган? QALAMPIR.UZ айнан шу савол билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарларига юзланди.
“Яқиндагина Тошкент вилоятида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари (Акром Раҳмонқулов) айнан ноқонуний ер ажратгани учун жавобгарликка тортилди. Унга тегишли жазо қўлланилди”, дейди Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова Маъмурий судларда кўрилаётган ишларнинг асосийси, яъни 55 фоизи маҳаллий ҳокимлар қарорининг қонуний эканини текшириш масаласига оид эканини қўшимча қилди.
“Шу йилнинг ўзида 5033 та яъни ишларнинг 55 фоизи айнан маҳаллий ҳокимларнинг қарори қонунийлиги бўйича кўрилган. Ҳақиқатан ҳам ишларнинг 2184 таси, яъни 43 фоизи қаноатлантирилган ва ҳақиқий эмас, деб топилган. Айнан шу қонунбузарликларни олдини олиш учун 1233 та хусусий ажрим чиқарилган”, дейди Олий суд раисининг биринчи ўринбосари.
Статистикага кўра, сўнгги беш йилда жами 6024 та ҳоким қарорлари ҳақиқий эмаслиги аниқланган. Масалан:
• 2017 йилда 218 та;
• 2018 йилда 770 та;
• 2019 йилда 1 255 та;
• 2020 йилда 1 597 та;
• 2021 йилда 2 184 та.
Юқоридаги рақамлар кишини ажаблантиради. Кундан-кунга коррупция билан жадал кураш олиб борилаётган Янги Ўзбекистонда рақамлар бошқа натижани кўрсатмоқда. Ҳокимбувалар йил ўтган сайин яна ва яна ноқонуний ер ажратишдан чарчамаган кўринишади. Беш йил ичида 6024 та ҳоким қарорлари ҳақиқий эмаслиги аниқланган, уларнинг 43 фоизи қаноатлантирилган ва ҳақиқат эмас, деб топилган лекин қўл билан санарли ҳокимлар жавобгарликка тортилган.