ДХХ ҳокимни 60 минг доллар билан ушлади
Таҳлил
−
02 Сентябрь 20668
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлигини таъкидлаганди. Негаки ҳокимлар бошқарув масаласи ўзига ишониб топширилган ҳудудда нафақат ёшларнинг, балки ўша ерда яшовчи барча аҳолининг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари учун хизмат қиладиган ижро ҳокимиятининг вакиллари экани ҳаммага маълум. Аммо айрим туман раҳбарлари: “Бугун ҳокимларга берилаётган ишонч ўзини қанчалик оқлаяпти?”, деган саволни ўртага ташлашга мажбур қилмоқда. Ўтган йили ”замҳоким”ларнинг пора билан қўлга олиниши анча авж олганди. QALAMPIR.UZ томонидан тайёрланган видеоматериалнинг изоҳлар бўлимида кузатувчилар томонидан ҳокимларни ҳам текшириш кераклиги, чунки бундай ишларнинг бошида ҳокимлар ҳам туриши айтилганди. Ҳокимлар “зам”ларининг пул билан ушланиши одатий ҳолдек бўлиб қолганди. 2025 йилда эса бундай қинғир ишларда ҳокимлар “жонбозлик кўрсатмоқда”. Бу галги видеоимизда ана шулар ҳақида тўхталамиз.
Давлат хавфсизлик хизмати жорий йилнинг июль ойи бошида Жиззахда Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаевни қўлга олганди. Гап шундаки, туман ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, унга туман ҳокимининг тегишли қарори билан “Токчилик” МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уй қурилишига рухсат олиб бериши эвазига 30 минг доллар талаб қилган. Жорий йилнинг 5 июль куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг долларини олиб, туман ҳокими Холбўтаевга беради. 8 июль куни эса тадбиркордан қолган 20 минг долларни ҳам олади ва унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этади.
Сўнгра бош мутахассис ҳокимият биноси олдида Холбўтаев билан учрашиб, 10 минг долларни унга берган вақтида ушланади. 8 июль куни қўлга олинган ҳоким Холбўтаев депутатлик дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан, бош мутахассисга эса Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Аммо қизиқ сценарий шундан кейин бошланди. Холбўтаев ҳибсда бўлишига қарамасдан ҳоким номидан қарорлар чиқарилгани аниқланди. E-қарор платформасига шундай қарорлардан 5 таси жойлаштирилган.
Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 миллион сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 миллион сўм ажратиш белгиланган. Ўша кунги яна бир қарор билан эса туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 миллион сўм ажратилган.
Шунингдек, 9 июлдаги қарорлар билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 миллион сўм, Тоқчилиқ маҳалласи Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 миллион сўм ва Қулписар маҳалласидаги Маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 миллион сўм, туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, офис техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 миллион сўм ажратиш белгиланган.
Бундай ҳолатлар нафақат туман раҳбариятини, балки халқ депутатлари туман кенгашининг ишини текшириш лозимлиги масаласини ўртага кўндаланг ташлади.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдириб, Шароф Рашидов тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилди. Тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Ўзбекистонликлар ҳали бир туман ҳокими ва ўша туманда бўлган мутасаддиларнинг кирдикорлари билан боғлиқ жараённи тўлиқ ҳазм қилиб улгурмасдан, яна бир ҳоким трендга чиқди. Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар пора олаётганда ушланди.
Анвар Отахўжаев ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.
ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Билдирилишича, шаҳар ҳокими Отахўжаевга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.
Анвар Отахўжаев ушбу лавозимда 2023 йилнинг 18 декабридан буён фаолият юритиб келаётган эди.
Ҳоким бўлмаса ҳам қолиб кетмасин, деб қўшиб қўя қолдик. Негаки навбатдаги “қаҳрамон” ҳам туман мутасаддиларидан.
Тошкент вилояти Зангиота тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси ҳам 20 минг доллар пора билан ушланди. У маҳаллий фуқарога тегишли уйнинг ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан тузиладиган ишчи гуруҳ орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилган.
Мутахассис ушбу пул маблағидан 20 минг долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу охирги ойларда кузатилганлари эди. Умид қиламизки, ҳокимлар ҳалол ишлайди ва давлат, аҳоли томонидан берилаётган ишончни суиистеъмол қилмайди. Янги тайинланаётган ҳокимлар эса бундан тегишли сабоқ олади.
Live
Барчаси