Ҳоким мактаб маъмурияти билан судлашиб, ютқазди

Жамият

image

Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби ер майдони ва қўшимча бино ўқув муассасасига қайтарилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган йилнинг 20 июнида Қува тумани ҳокими мактаб ер майдони ва қўшимча бино иншоотларини ўқув муассасаси раҳбари қаршилигига қарамай туман ҳокимлиги заҳирасига ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. Қарор Қува тумани халқ таълими бўлими билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги 122-сонли фармойишининг 1-бандида Республикада фаолият кўрсатаётган давлат таълим муассасаларининг, хусусан мактабгача таълим, ўрта-таълим, касб-ҳунар таълими муассасаларининг мол-мулки, бино ва иншоотлари ҳамда ер майдонларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорисиз ташкилотларга бериш ёки таълим жараёнига тегишли бўлмаган мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман қилинган.

Шунга қарамай, Қува тумани ҳокимияти ер майдони ва қўшимча бино иншоотларини маҳаллий тадбиркорга фойдаланишга топширган. 

Мактаб маъмурияти Маъмурий судга мазкур қарорни бекор қилиш бўйича мурожаат қилган. Суднинг биринчи инстанцияси ҳокимият фойдасига қарор чиқарган бўлса, кассация инстанцияси ҳокимиятнинг қарорини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилган.

Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби директори Н.Т.Маҳмудов ва Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматовлар суд жараёнида Халқ таълими вазирлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Халқ таълими вазирлиги тегишли чоралар кўриб, Фарғона вилоят прокуратурасига мурожаат қилди. Вазирлик ва прокуратура мактабнинг қўшимча бино иншоотлари ҳамда ер майдонларини муассаса ихтиёрида қолдирилиши учун ёрдам берган.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Қува ер майдони

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг